English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистоннинг катта ислоҳотларидан бири — қўшни мамлакатлар билан ўтказиш пунктларининг очилганидир
14:20 / 2023-12-08

“Оқ йўл” — бу давлат чегараси ўтказиш пунктидаги шунчаки ёзув эмас...

Бундан уч ой аввал Андижон вилоятида Ўзбекистон Республикасини Қирғиз Республикасининг Ўш ва Жалолобод ҳудудлари билан боғлаб турувчи “Хонобод” ва “Мингтепа” ўтказиш пунктлари фаолият кўрсата бошлади. 

2009 йилда айрим сабабларга кўра, ушбу ўтказиш пунктлари фаолияти тўхтатилган эди. Натижада йиллар давомида борди-келди қилиб келаётган, бир-бирлари билан қуда-андага айланган минглаб инсонлар, ҳар икки томондаги қариндош-уруғлар, қўйингки, икки халқ ўртасидаги алоқалар чеклаб қўйилганди. Узоқ ҳудудларда жойлашган ўтказиш пунктлари орқали бир-бирлари билан алоқа қилиш, жорий этилган расмиятчиликлар одамларни ҳаддан ташқари толиқтирганди.

Айтиш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ташаббуси билан икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ва қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик, савдо-сотиқ кўлами тобора кенгайиб бормоқда. 

Хусусан, Хонобод шаҳридаги “Хонобод” ҳамда Марҳамат туманидаги “Мингтепа” ўтказиш пунктларининг очилиши ана шу муносабатларни янада юқори босқичга кўтариш билан бирга, кўплаб юртдошларимизнинг қарийб ўн беш йиллик орзулари ижобати бўлди. 

Биз “Мингтепа” ва “Хонобод” ўтказиш пунктларида бўлиб, мамлакатимиздан қўшни давлатга ўтиш ва қайтиш учун фуқароларга яратилган шарт-шароитлар билан танишдик, мутасаддилар, юртдошларимиз ҳамда қирғизистонлик меҳмонлар билан суҳбатда бўлдик. 

— Замонавий, барча қулайликларга эга чегара-божхона ўтказиш пункти орқали икки мамлакат фуқароларининг юртимизга кириши ва чиқиши учун барча шароитлар яратилган, – дейди “Мингтепа” ўтказиш пункти катта инспектори, божхона хизмати капитани Баҳодиржон Ашуралиев. – Пунктимиз замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланганлиги боис, ўтувчилар нафақат фуқаролик паспортлари, балки ID-карта билан ҳам бемалол ўтишлари мумкин. Ўтиш пункти томонидан шу кунларда бир кунда 2 минг нафардан зиёд фуқарога белгиланган тартиблар асосида хизмат кўрсатилмоқда. 

Шунингдек, ўтказиш пунктида чегара ва божхона текширувидан ташқари ветеринария, карантин кўриги хизматлари ҳам йўлга қўйилган. 

Қўшничилик муносабатлари, дўстлик ришталари ҳамда ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши, қўшни давлатга бориш-келишдаги тўсиқлар, ортиқча оворагарчиликларнинг олиб ташланганлиги, айниқса, асрлар давомида қўшни яшаётган, тили, дини, турмуш тарзи бир, лекин маълум вақт алоқалари узилиб қолган икки халқни беҳад қувонтирмоқда. 

— Ушбу ўтказиш пунктининг очилганлигидан бутун оиламиз, қариндош-уруғлар жуда ҳам хурсанд, – дейди Марҳамат туманидан Қирғиз Республикаси Аравон райони “Тепақўрғон” қишлоғига келин бўлиб тушган Фаридахон Зикирова. – Ака-ука, сингилларимни кўриб қайтяпман. Қирғиз Республикасига келин бўлиб кетганимга 30 йилдан ошди. Кейинги 15-20 йил ичида ота-онам, жигарларим, қариндош-уруғларим билан кўришиш, тўй, маърака, турли маросимларда борди-келди қилишда жуда қийналдик. Ота уйим билан мен тушган қишлоқ ўртасидаги масофа 8-10 километр холос. Лекин, биз бир-биримизникига бориш учун 110 километр, қайтишга яна шунча масофани босиб ўтишга мажбур эдик. 

Ҳатто, жанозага ҳам юборилган телеграмма орқали фақат қариндошининг ўзи кириш мумкин бўлган даврлар бўлди. Тақдирни қарангки, отам ўтганида телеграмма кечикиб боргани, усиз чегарадан ўта олмаганим учун отам вафотидан уч кун ўтиб, уйимга кириб келганман. Аллоҳга шукр, бугун у каби азоблар, қийинчиликлар йўқ.

— Опам Аравон туманига келин бўлиб тушган, – дейди Бўстон тумани “Халқобод” маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Зуҳрахон Камолдинова. – Борди-келдидаги қийинчиликлар сабаб, бир неча йил бир-биримиз билан кўриша олмагандик. “Мингтепа” ўтказиш пункти очилгандан буён опам бир неча бор фарзандлари билан бизни йўқлаб келди. Энди Аравонга, келинларим билан меҳмонга кетяпман. 

Қийинчиликсиз, узундан узун навбатларсиз чегарадан ўтяпмиз. Оддий халқ учун мана шундай имкониятларни яратиб берган Президентларимизга, ҳукуматларимизга раҳмат. 

“Мингтепа” ўтказиш пункти ёнгинасида автотураргоҳ ташкил этилган. Бундан ташқари, Марҳамат шаҳридан чегара постигача бўлган йўл таъмирланиб, транспорт қатнови, шунингдек, Фарғона вилояти Қува туманидан ўтказиш пунктига қадар автобус қатнови йўлга қўйилганлигидан аҳоли янада мамнун.

— “Мингтепа” ўтказиш пункти очилмасдан аввал туманимиз аҳолиси уйидан 5-10 километр масофада яшовчи қирғизистонлик қариндошини кўриб келиш учун Хўжаобод туманидаги “Дўстлик” ўтказиш пункти орқали камида 200-220 километр йўлни босиб ўтишга мажбур эди, – дейди меҳнат фахрийси, туман “Нуроний” уюшмаси фаоли Муҳаммадзокир Эргашев. — Шукрки, бугун бундай оворагарчиликларга барҳам берилди. Чегара очилиши билан қариндошлар ўртасидаги узилиб қолган борди-келдилар тикланди, икки халқ вакиллари, тадбиркорлар ўртасидаги савдо-сотиқ алоқалари йўлга қўйилди. Оддий халққа мана шундай енгиллик яратганларга раҳмат.

Ҳозирда ўзбекистонлик тадбиркорлар, ҳунармадлар томонидан ишлаб чиқарилаётган тикув-трикотаж, бешик, элак, супурги, эшик-ром сингари маҳсулотлар қўшни республикага олиб ўтиб, сотилмоқда. 

Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида Андижон вилояти ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми (20,1 фоизи) Қирғиз Республикаси ҳиссасига тўғри келган. Ушбу натижада янги очилган ўтказиш пунктларининг ҳам маълум даражада улуши бор, албатта.

— Маҳалламизда жуда кўп хонадонларда узоқ йиллардан буён эчки юнгидан рўмол тўқилади, – дейди Марҳамат туманидаги “Қорақўрғон” маҳалласида яшовчи ҳунарманд Машхурахон Зокирова. – 2009 йил, яъни чегара ёпилгунга қадар тайёрлаган рўмолларимизнинг асосий қисмини Қирғиз Республикасига сотар эдик. Бизга яқин ҳудудда ўтказиш пунктининг очилганлиги савдо ҳамкорлигимизни яна йўлга қўйиш имконини берди. Шу кунларда ҳам тадбиркорларимиз маҳсулотларимизни улгуржи сотиб олиб, Қирғиз Республикаси бозорларига етказиб беришмоқда. 

Умумий майдони 2,3 гектарни ташкил этган халқаро “Хонобод” ўтказиш пунктида ҳам фуқаролар, юртимиз меҳмонларининг ҳамда транспорт воситаларининг Қирғиз Республикасига ўтиши ва юртимизга кириши учун барча шароитлар яратилган.

— Божхона постимизда фуқаролар ва транспорт воситаларининг Қирғиз Республикасининг Жалолобод областига ўтиши ва қўшни давлатдан юртимизга кириши, шунингдек, транзит ҳаракатлар учун зарур барча шароитлар яратилган, – дейди божхона хизмати лейтенанти Зиёвиддин Обакиров. – Бундан ташқари, карантин, санитария-эпидемология назорати кўриклари, божхона идораси тасарруфидаги “Божхона сервис” ташкилоти томонидан банк ва бошқа хизматлар кўрсатиш йўлган қўйилган.

“Хонобод” ўтказиш пункти орқали кунига ўртача 3,5 – 4 минг нафар фуқаро, 200 га яқин автомашина ҳаракатланмоқда. Фуқаролар олиб ўтаётган юклар махсус аппарат ёрдамида текширувдан ўтказилса, автотранспорт воситалари махсус жиҳозлар, кинология бўлими ходимлари томонидан махсус ўргатилган хизмат итлари ёрдамида назоратдан ўтказилмоқда. 

Автомобилларнинг кириш ва чиқиши учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш, кўрикдан ўтказишга бор-йўғи 10-15 дақиқа вақт сарфланади.

— Қирғиз Республикасининг “Бекобод” чегара постидан бор-йўғи икки километр масофада жойлашган маҳаллада қариндошларимиз яшайди, - дейди Хонобод шаҳрининг “Тейт” маҳалласида яшовчи Хумоюн Абдуллажонов. – Ота-онамни олиб, ўз автомашинамда уларникига меҳмонга кетяпмиз. Авваллари, бир-икки йилда “Дўстлик” ўтказиш пунктидан ўтиб, Ўш орқали бир томонга камида 120 километр йўл босиб борар эдик. Шаҳримизда ўтказиш пункти очилганидан буён ўтган уч ой давомида биз бир неча марта қариндошларимизни йўқладик, улар ҳам бизникига бир неча бор келишди.

Ўтказиш пунктида фуқаролар учун узундан узун навбатлар йўқ, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш, автомашинани кўрикдан ўтказиш учун узоғи 15 дақиқа вақт кетмоқда. Очиғи, яратилган қулайликлардан одамлар беҳад хурсанд бўлмоқда.

Ўтказиш пунктида юк автомашиналари учун ҳам алоҳида йўлакча ташкил этилаётганлиги келгусида тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликнинг, икки давлат ўртасидаги савдо ҳажмининг янада ошишига хизмат қилади. 

— Ота уйим Андижоннинг Қўрғонтепа туманида, – дейди ҳозирда Қирғиз Республикасининг “Бекобод” қишлоғида яшовчи Чинора Абдураҳимова. – Келин бўлиб тушганимга йигирма беш йил бўлди. Ўша пайтларда чегаралар тўсилиб, одамларнинг қўшни юртга ўтишлари учун қийинчиликлар юзага келишини ким ўйлабди, дейсиз? Айниқса, 2009 йилда “Хонобод” ўтказиш пункти беркитилди. Шундан буён Ўзбекистонда яшаётган ота-онам, ака-ука ва сингилларим билан кўришишга қийналаман. Истаган пайтимда боролмайман, мен чақирсам улар келолмайди. Сабаби - юзага келган турли қийинчиликлар, масофанинг узоқлиги. Ана шу йиллар давомида бир-биримизни кўришга шунчалар қийналдикки, ҳатто, яқинларим вафот этганида ҳам борди-келдидаги қийинчиликлардан, инсонга, унинг шаъни, қадр-қимматига эътиборсизликдан беихтиёр кўзимга ёш олган эдим. 

Жорий йил Мустақиллик байрами куни кўзимга яна ёш олдим, бу сафар хурсандчиликдан. Чунки ўша куни ўн беш йиллар аввал ёпилган ўтказиш пункти яна очилди. Ҳозир ёши саксонга яқинлашиб қолган онам бор. Чегара очилганидан буён уч марта бориб, хабар олиб келдим. Бориб-келиш учун икки соат вақтим кетади, холос. Яратганга шукр, шу кунларни ҳам кўрдик. Умрим борича мана шу хайрли ишга бош-қош бўлган инсонларни дуо қиламан. Одамларнинг оғирини енгил, муаммоларини ҳал қилаётган Юртбошимиз омон бўлсин.

Андижонда бир неча йиллардан буён фаолият кўрсатмаётган ўтказиш пунктлари фаолиятининг тиклангани юртимизда инсон қадрини улуғлаш, одамларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, чегара ҳудудларида яшаётган юртдошларимизнинг қўшни давлатдаги қариндош-уруғлари, қолаверса, халқимизнинг қўшни қирғиз халқи билан муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги хайрли ишлардан бири десак асло муболаға бўлмайди.

ЎзА