English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яна янги ёрдам. Яна ном ўзгариши...
19:05 / 2023-03-03

Россия-Украина

“G20” гуруҳига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Украина атрофидаги зиддият бўйича бир бутун қарашга эриша олмадилар. Бу ҳақда Ҳиндистон ТИВ раҳбари Субраманьям Жайшанкар маълум қилди. Мезбон таъкидлашича, йиғилишнинг қўшма якуний декларацияси якдил қабул қилинмади. Ушбу ҳужжат ўрнига Ҳиндистон ўз коммюникесини эълон қилди.

Хитой ташқи ишлар вазири Цинь Ган Франция, Испания ва Нидерландиядан келган ҳамкасбларига Пекиннинг Украина бўйича “тинчлик режаси”ни баён қилиб берган. Бу ҳақда ХХР ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Австралия ташқи ишлар вазири Пенни Вонг Хитойнинг Россияга, гўёки, қурол-аслаҳа етказиб беришига оид фикр билдириб, ХХРни бу ишдан воз кечишга чақирди.

“Дунё Украина масаласида Пекин ва Москва ўртасидаги илиқ муносабатга таяниб, Хитойнинг масъулияти ва етакчилигига ҳамда Россияга қурол юбормаслигига ишонади”, деган у.

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши стратегик коммуникациялар бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби маълум қилишича, бугун АҚШ ҳукумати Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини ажратади. Шунингдек, Президент Жо Байден Германия канцлери Олаф Шольц билан учрашиб, Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилади.

Запорожье АЭСда хавфсизлик билан боғлиқ вазият жуда мураккаб, деб баёнот берди МАГАТЭ Бош директори Рафаэль Гросси ташкилот сайтида эълон қилинган ахборотда. МАГАТЭ Украина АЭСларида ядро ёқилғисидан ҳарбий мақсадда фойдаланилмаслигини тўлиқ назорат қилади, дея қўшимча қилди Гросси.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг 7-8 март кунлари ЕИга аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг Украинага бағишланган йиғилишида иштирок этади. Бу ҳақда Альянс матубот хизмати маълум қилди.

Венгрия ҳукумати ҳисоб-китобига қараганда, 35 давлат Украинага қурол етказиб бермоқда.

“Жумладан, 17 мамлакат танк беришни режаламоқда”, деди Бош вазир идораси раҳбари ўринбосари Чаба Домотор.

Хитойнинг ЕИдаги доимий вакили Фу Цун “Global Times” нашрига берган интервьюсида Украина зиддияти узоқ давом этишида Вашингтонни айбдор ҳисоблашини билдирди.

“Можаро қанча давом этса, токи, Россия кучсизлангунча, Қўшма Штатлар Украинага ёрдам беради”, деди мулозим.

Беларусь Президенти Александр Лукашенко Пекиннинг Украина бўйича “тинчлик режаси”ни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Бу фикрни “AFP” агентлиги келтирган.

Польша ўтган йил украиналик қочоқларга ёрдам бериш мақсадида ЕИдан 200 миллион доллар олди, дея маълум қилди мамлакат ички ишлар вазири ўринбосари Павел Шефернакер. Унинг сўзларига кўра, Польша қочоқларга гуманитар ёрдам учун 9 миллиард доллар сарфлаган.

Олий рада депутати Ярослав Железняк маълумотига кўра, халқаро шериклар январь-февраль ойларида Украина бюджетига 6.3 миллиард доллар миқдорида ёрдам берган.

“ЕИ Киевга 3.2 миллиард, АҚШ 2.2 ва Буюк Британия 498 миллион доллар берган”, деб қўшимча қилди ноиб.

Одесса тарихий топономия комиссияси шаҳарнинг Суворов ва Малиновский туманларини маҳаллий номга ўзгартириш таклифини тайёрлади. Ўтган йил ноябрда Екатерина II ва Александр Суворов ҳайкали олиб ташланган.Шунингдек, шаҳарнинг Россия билан боғлиқ 200 кўчаси номи ўзгартирилган эди.

Аброр ХОН, ЎзА