
Ҳозирги кунда волонтёрлик ҳаракати дунёда кенг тарқалаётган машҳур соҳалардан биридир. Бунда маълум бир эзгу мақсад йўлида жамиятда ҳар хил муаммога дуч келган, ёрдамга муҳтож инсонларга, уларнинг ҳаёти ҳар томонлама яхшиланишига қаратилган бепул хизмат кўрсатилади.
Ўзбекистонда волонтёрлик фаолиятини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида Ёшлар ишлари агентлиги бошқарма бошлиғи Умидулла Сатторов билан суҳбатлашдик.
– Волонтёрлар соддароқ айтганда, ҳар қандай масала бўйича беминнат хизмат қиладиган, атрофдаги инсонларга, жамиятга астойдил ва ҳеч қандай моддий манфаатларсиз ёрдам берувчилар.
Жумладан, коронавирус пандемияси даврида, айниқса, волонтёрлар яққол кўзга ташланди. Улар дори-дармонлар ва хайрия маблағларини етказишда фаол меҳнат қилдилар. Энг қийин пайтларда улар халқ хизматига шай турди. Ўша пайтда волонтёрлар гуруҳлари пайдо бўлиб, «Хавфсиз ёрдам», «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати, «Сардоба сари саховат карвони» каби хайрия акцияларида фаол иштирок этишди. Бу эса Ўзбекистонда волонтёрлик ҳаракати ўзининг муҳим босқичига кўтарилганини кўрсатди.
Хусусан, 870 нафар волонтёр “Call-марказ”ларда аҳоли мурожаатларини қабул қилишга, 7 минг 500 нафардан ортиқ ёшлар хайрия маҳсулотларини қабул қилиб олиш ва мурожаат сонидан келиб чиқиб қадоқлашга, 2 минг 200 нафардан ортиқ ёшлар 500 га яқин бириктирилган автомашиналарда маҳсулотлар тўпламини марказларга мурожаат қилган хонадонларга етказиб беришга кўмаклашди.
Бундан ташқари, Бухоро вилояти Олот ва Қоракўл туманларида юз берган табиий офат, Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори тошқинидан талафот кўрган аҳолига кўмак кўрсатишда ҳам 1 000 нафарга яқин волонтёрлар фаол иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари томонидан волонтёрларнинг эзгу ҳаракатлари юқори баҳоланиб, 400 нафарга яқин волонтёр “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирланди.

– Волонтёрлар давлатга кўмакчими?
– Жамиятда турли кутилмаган масалалар рўй бериши табиий ҳол. Бироқ афсуски, давлат ҳар бир ҳолатга индивидуал ёндаша олмаслиги мумкин. Шу боис, волонтёрлар шу каби ҳолатларда давлат учун яқин кўмакчига айлана олади. Бунинг учун волонтёрлар учун тегишли шароит яратиш, таъбир жоиз бўлса, бошини бириктириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш муҳим аҳамият касб этади.
– Бу қандай амалга оширилади?
– Волонтёрлар учун турли лойиҳалар ташкил қилинмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг “Волонтёрлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2022 йил 11 апрелдаги қарори билан Ёшлар ишлари агентлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича ҳар бир ҳудуддаги 5 та энг яхши волонтёрлик лойиҳаларини амалга ошириш учун волонтёрлик гуруҳлари ва волонтёрлик ташкилотларига ҳар бир лойиҳа учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача миқдорда маблағ ажратилмоқда. 2023 йилнинг июнь ойида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан волонтёрлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича танлов эълон қилинди. Унга экология, таълим, тиббиёт, медиа, туризм йўналишлари бўйича 218 та лойиҳа келиб тушди.
2020 йилда Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси ташкил қилинган. Ҳозирда жами 61 минг нафар ёшни қамраб олган 99 та волонтёрлик гуруҳи фаолият кўрсатяпти.
Мисол учун, Туркияда содир бўлган зилзила оқибатида Туркия Республикасига гуманитар ёрдам йиғиш ва уни жўнатишни ташкил қилиш мақсадида Янгиҳаёт туманидаги “Toshkent INDEX” савдо мажмуасида ташкил этилган марказга 313 нафар волонтёрлар жалб этилди. Тадбир бошидан аҳолидан 10 турдаги жами 416,6 тонна маҳсулот қабул қилиб олинди ва Туркияга жўнатилишига кўмаклашилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2022-2023 йиллар давомида 38 мингдан зиёд волонтёр ёшлар томонидан 200 мингга яқин дарахт кўчатлари экилди.
Ёшлар марказларида ташкил этилган “Волонтёрлар мактаби”да 10,2 минг нафар ёш волонтёр ўқитилди. Ушбу волонтёрлар томонидан 50 мингдан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган ва кам таъминланган ҳамда ёлғиз қариялари мавжуд оилаларга ижтимоий лойиҳалар орқали кўмаклашилди.
Ҳар қандай ҳаракат ва ташаббусларни ривожлантириш учун унинг қонуний асослари яратилиши керак. Шу боис 2019 йил 2 декабрда “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган эди. 2023 йил 18 августда ушбу қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, соҳадаги ваколатли давлат органи этиб — Ёшлар ишлари агентлиги белгиланди.
Агентлик соҳада давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади. Ушбу ваколатлар волонтёрликни ривожлантириш, имкониятларни кенгайтириш, волонтёрларни рағбатлантириш, турли масалалар бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиб, амалга оширишга хизмат қилади.
Волонтёрлик жамиятда ўзаро меҳр-оқибат туйғуларини кучайтиради, ёшларни хайрли мақсадлар йўлида бирлаштиради, ёрдамга муҳтож инсонлар учун кўмак бўлади. Ёшларда ижтимоий вазифаларни ҳал этишда жамиятга кўмаклашиш, ватанпарварлик туйғусини тарбиялаш ва қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшади.
Шунингдек, волонтёрлик ҳаракати жамиятда фаол фуқаролар авлодини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Яъни, ёшлар бир-биридан ўрганади, бир-бирига эргашади. Волонтёрлар ўз изидан юзлаб, балки минглаб ёшларни эргаштира олиши мумкин. Шунинг учун ҳам ташаббускор волонтёр ёшларни қўллаб-қувватлаш ва қадрлаш лозим.
Гулноза Бобоева, ЎзА