
Тошкентда “ШҲТ Самарқанд саммити: минтақавий ва халқаро хавфсизлик, барқарор ривожланишга қўшилган ҳисса” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.
Тадбирда сўзга чиққан мамлакатимиз ташқи ишлар вазири Владимир Норов Ўзбекистоннинг янги шароитда ШҲТ қандай бўлиши керак, деган саволга концептуал ёндашувини мамлакатимиз томонидан Ташкилотга раислик давомида савдо-сотиқ, саноат ва технологик кооперапцияни ривожлантириш, иқтисодий ва транспорт боғлиқлигини кучайтириш, инновация, рақамли трансформация ва “яшил” иқтисодиётни устувор йўналишлар сифатида белгилаш каби ташаббуслар илгари сурилганида ҳам кўриш мумкинлигини қайд этди.
Ўзбекистон раҳбари инқирозли ҳолатларни бирга енгиш ва барқарор ривожланишга эришиш мақсадида келгуси йил мамлакатимизда кўплаб муҳим тадбирлар ўтказишни таклиф этди. ШҲТ минтақалари бизнес шериклиги ҳафталиги, ташкилотга аъзо мамлакатлар махсус иқтисодий зоналари раҳбарлари учрашуви, Йирик савдо ярмаркаси, Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция, Транспорт форуми шулар жумласидан.
Бундан ташқари давлатимиз етакчиси ўзгарувчан воқелик шароитида амалий ҳамкорликнинг самарали андозасини яратишга қаратилган ШҲТ Янги иқтисодий мулоқотини бошлаш ташаббусини ҳам кўтарди.
Бу таклифлар Ўзбекистоннинг иқтисодиёт, транспорт қатнови, энергия таъминоти, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига салбий таъсир кўрсатувчи глобал иқтисодий зарарни юмшатиш бўйича муҳим чора-тадбирлар, ёндашувлар ишлаб чиқиш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлайди.
ЎзА