
Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Акмалжон Маҳмудалиев бошчилигидаги делегация яқинда Хитой Халқ Республикасида бўлиб қайтди. Ушбу ташриф Хитойнинг турли провинциялари ва Сирдарё вилояти ўртасида ташқи иқтисодий, савдо алоқалари, илм-фан, технологиялар, бунёдкорлик, ижтимоий ва маданий соҳаларда ҳамкорлик ўрнатиш ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилди.
Хитой пойтахти Пекин орқали Сиан шаҳрига етиб келган вилоятимиз вакиллари шу куннинг ўзида Шенси провинцияси раҳбарияти билан учрашди ва музокаралар олиб борди. Музокаралар давомида турли йўналишларда кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Унда устувор йўналишлар сифатида “яшил” инвестиция, Шенси провинцияси ва Сирдарё вилоятида фаолият юритувчи тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, таълим, маданият ва туризм соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни фаол ривожлантириш белгилаб олинди. Бу хусусида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Вилоят делегацияси Шенси провинцияси Янлин шаҳрида ўтказилган “Шенси – Сирдарё” савдо-иқтисодий ҳамкорлик бизнес-форумида ҳам иштирок этди. Форумда “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт Стратегияси”нинг мазмун-моҳияти, мамлакатимизда, хусусан Сирдарё вилоятида хорижий инвесторларга яратилган қулай шароитлар, кафолатлар, имтиёзлар ва преференциялар тўғрисида тақдимот ўтказилди. Тақдимот давомида "G2B” шаклидаги учрашувлар ҳам ташкил этилиб, ўзаро манфаатли таклифлар кўриб чиқилди. Савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва бошқа соҳалардаги амалий алоқаларни кенгайтиришдан томонлар бирдек манфаатдор эканлиги таъкидланди. Янги имкониятлар, шериклик алоқаларини истиқболли ташаббуслар ва лойиҳалар билан бойитиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Форум якунида Янлин замонавий қишлоқ хўжалиги соҳасидаги халқаро ҳамкорлик компанияси ва Сирдарё туманидаги “Peng Sheng” саноат парки ўртасида гўшт ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун инвестиция жалб этиш, Гулистон давлат университети ва Янлин профессионал технологиялар олий ўқув юртлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишув, шунингдек, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Хитойнинг “Venchjou Szinshen” ҳамда Янлин халқаро ҳамкорлик соҳасидаги трансчегаравий логистика компаниялари ўртасида уч томонлама ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди. Шунингдек, кун тартибидан “Янлин намойиш ҳудуди” қошидаги технологик парк ва замонавий иссиқхоналар фаолияти, Шимоли-ғарбий қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ҳамда Янлин профессионал технологиялар университетларидаги ўқув жараёнлари, илмий тадқиқот ишлари билан танишув ҳам ўрин олди.
Вилоят вакиллари Сиан шаҳрида қуёш панелларини ишлаб чиқарувчи “Longi” компанияси фаолиятини ўрганди. Ҳамкорликда Ширин энергетика коллежида мутахассислар тайёрлаш ва Сирдарёда муқобил энергия манбаларини жорий этиш бўйича музокара ўтказилиб май ойида вилоятда компания томонидан ишлаб чиқарилган қуёш панеллари кўргазмасини ўтказишга келишилди.
Делегация аъзолари, шунингдек, бошоқли дон етиштириш, ун ва ёғ ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи “Xi'an Aiju Grain and Oil Inductrial Group” компанияси фаолиятига оид кўргазма билан ҳам танишди. Ўзаро мулоқот давомида компания раҳбари Сзя Хейи вилоятимизга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, озуқа ем ишлаб чиқариш ва чорвачилик, хусусан, эчкичилик йўналишида инвестиция киритиш таклифини илгари сурди. Ўз навбатида вилоят ҳокими А.Маҳмудалиев мазкур таклифни қўллаб-қувватлаб, бу борада музокараларни давом эттириш учун компания вакилларини Сирдарёга таклиф қилди.
Сирдарё вилояти делегацияси аъзолари Хитой Халқ Республикасига хизмат сафарининг сўнги кунида Фусзян провинсияси Сямин порт шаҳрида энергия сақлаш батареялари ва тизимларини ишлаб чиқариш, шунинг билан бирга сотишга ихтисослашган “Xiamen Hithium Energy Storage Technology Co.Ltd” компаниясида бўлиб компаниянинг технологик имкониятлари ҳамда ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди.
[gallery-10807]
Шундан сўнг, шаҳар партия раҳбарларидан иборат расмийлар билан музокара ўтказилди. Унда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани, икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги мулоқотлари тизимли ва фаол тус олгани ҳамкорликни салмоқли даражада мустаҳкамлаш, янги ўсиш нуқталарини аниқлаш ва амалий шерикликни кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди. Музокара чоғида, шунингдек, томонлар ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида биргаликда ишлашга қатъий интилишини билдирдилар. Бу хусусида икки томонлама келишув имзоланди. Шу куннинг ўзида вилоят вакилларининг кун тартибидан “Сирдарё – Сямин” бизнес-форуми ва ўзаро ҳамкорлик бўйича тегишли ҳужжатларни имзолаш маросими ҳам ўрин олди.
Вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев вилоятнинг табиий шароити, мавжуд инвестицион салоҳияти, ҳудуднинг драйвер соҳалари ҳақида форум иштирокчиларига атрофлича маълумот берди ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг асосий устувор йўналишларини қайд этди. Бу, биринчи навбатда, муқобил энергия манбаларини жорий этиш ва ўзаро савдо ҳажмини оширишдир. Ўз навбатида Хитой компаниялари томонидан қатор аниқ ташаббуслар илгари сурилди. Сирдарёда пахта тўқимачилик соҳасини ривожлантириш, логистика марказини ташкил этиш, муқобил энергия манбаларини жорий этиш учун зарур ускуналарни етказиб бериш, ёшларни IT соҳасида таълим олиши ва малака оширишларини ташкил қилиш, соғлиқни сақлаш, хусусан, кекса авлод вакилларини даволаш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини амалга оширишда кўмаклашиш шулар жумласидандир.
Бизнес-форуми якунида “Wang da group” қўшма корхонаси “Changtai Yuanrun Energy saving Technology Co LTD” компанияси билан стиролин ишлаб чиқариш лойиҳаси учун 4 миллион АҚШ доллари, “Longuan Lantian Cement Co LTD” компанияси билан қоп ишлаб чиқариш лойиҳаси учун 3 миллион АҚШ доллари инвестиция жалб қилиш, шунингдек, "Peng-Sheng" қўшма корхонаси ва "Wenzhoy Jinsheng Trading Co LTD" компания ўртасида желатин ишлаб чиқариш, мармар хом ашёси ва бошқа тошларга ишлов бериш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишувлар имзоланди.
Вилоят делегацияси Хитойга сафари давомида Хебей провинцияси Баодин шаҳрида “Сирдарё – Баодин” бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси, вилоят ҳокимлиги вакиллари, Баодин шаҳар раҳбарияти ва ишбилармон доира вакиллари иштирок этди. Форум доирасида вилоятда эркин бизнес билан шуғулланиш, ҳозирда фаолият олиб бораётган саноат зоналарида яратилган қулай шароитлар ҳақида тақдимотлар ўтказилди. Музокаралар чоғида савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, инновация ва ахборот технологиялари йўналишларида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришдан томонлар бирдек манфаатдор эканлиги таъкидланди.
Сафар якунида Хитойнинг “Foshan Jade Import and Export Trading Co LTD” компанияси билан қиймати 10 миллион доллар бўлган ЛДСП, МДФ ва Акрилдан мебел ва жиҳозлар ишлаб чиқаришга инвестициялар киритиш, “Shina Materials Storage and Transportation Group” компанияси билан умумий қиймати 12,5 миллион АҚШ доллари бўлган поафзал ишлаб чиқариш ва 10 миллион АҚШ долларлик газлама лойиҳаларига инвестицияларни жалб этиш бўйича меморандумлар имзоланди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири