
Бухоро вилояти Бухоро тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими учун янгидан барпо этилган икки қаватли маъмурий бино лойиҳаси давлат бюджети ҳисобидан 1 миллиард 80 миллион сўм маблағ эвазига молиялаштирилган. Бинокорлик ишлари маҳаллий “Махсус қурилиш” МЧЖ жамоаси томонидан бажарилган. Мазкур бинода фаолият олиб борувчи ишчи-ходимлар учун барча қулайликлар яратилган. Энг сўнгги русумдаги лаборатория жиҳозлари билан таъминлаган.

Маълумот учун, жорий йил 1 март ҳолатида вилоятдаги қорамол бош сони 1 миллион 400 минг бошдан оширилган бўлиб, қуй ва эчки сони 2 миллион 355 минг бошга ўсишига эришилган. Ўтган йил давомида ҳудудда гўшт ишлаб чиқариш ҳажми 272,3 минг тоннага ёки 2021 йилдагига нисбатан 114 фоизга, сут ишлаб чиқариш ҳажми эса 100 минг тоннага ёки 111 фоизга ўсиши таъминланган.
Кейинги уч йилда вилоят туманларида 104 та замонавий типдаги, ҳар бирида 300 бошдан 500 бошгача наслли қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплекслари янгидан қурилиб ишга туширилиши натижасида мазкур хўжаликларда 50 мингдан ортиқ наслли қорамол парваришланмоқда. Биргина ўтган 2022 йилда чорвачилик тармоқларини ривожлантириш учун умумий қиймати 816 миллиард сўмлик 87 та лойиҳа амалга оширилган ва шу тариқа 5,5 мингтадан ортиқ янги иш ўрни яратилган. Бугун барча тоифадаги хўжаликда парваришланаётган қорамолнинг 92 фоизи аҳоли хонадонларига, 8,3 фоизи эса ихтисослашган хўжаликлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Бухоро тумани мисолида олсак, ҳудудда бевосита чорвачиликда банд бўлган фермер хўжалиги сони айни пайтда 60 тага етган. Уларда жами 4 минг 650 бош қорамол, шундан 1 минг 900 бошга яқин соғин сигир, 3 минг бошга яқин наслли қорамол, 12 минг бошдан ортиқ қўй-қўзи, 74 минг бошга яқин парранда парваришланмоқда. Аҳоли хонадонларида боқилаётган қорамол ва парранда сонини қўшиб ҳисоблаганда, бу кўрсаткич бир неча мартага ошади.
Айни пайтда тумандаги “Кўчкўмар чорва пльюс”, “Рауф Фаррух Шохруҳ”, “Аббосали Барака омад”, “Қумработ чорвадори”, “Шариф ҳалол чорва”, “Қорабайир яйлови”, “Нажмиддин Нуриддин обод-2020”, “Чорбакр Барака Муҳаммад Нодир”, “Бухоро баҳор обод ерлари” каби ихтисослашган хўжаликларда 30 бошдан 250 бошгача қорамол, 2 минг бошгача қўй-қўзи парваришланмоқда. Тармоқ ривожи албатта, қорамол, қўй ва паррандаларга кўрсатилаётган ветеринария хизмати сифатига бевосита боғлиқ.

Зариф Комилов, ЎзА