
Венгрия ва Туркия НАТОда бир-бирини қўллаб-қувватлашга келишиб олди. Бу ҳақда Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто туркиялик янги ҳамкасби Хоқон Фидан билан телефон орқали мулоқотидан сўнг маълум қилди.
“Биз стратегик шерикликни ривожлантиришга содиқлигимизни тасдиқладик ва НАТО доирасида ўзаро ёрдамни давом эттиришга келишиб олдик”, деб ёзди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Мулозим нима учун иттифоқчилар Шимолий Атлантика альянсида ўзаро ёрдамга муҳтожлигини очиқламаган. Венгрия ва Туркия Швециянинг Альянсга қўшилишига доир тегишли ҳужжатни ратификация қилмаган икки давлат бўлиб қолмоқда. Венгрия парламенти ҳам бу ишни бажаришга шошилмаяпти. Бош вазир Виктор Орбан 23 май куни мамлакати бу масалани кўриб чиқишга ҳозирча тайёр эмаслигини айтди. Будапешт ва Стокгольм ўртасида жиддий келишмовчилик сақланиб қолмоқда, деган у.
Ҳукумат бошлиғи фикрича, “Альянсда зиддият туғдирмаслик” учун муаммони Швеция НАТОга қўшилишидан олдин ҳал қилиш керак.
ЎзА