English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Умумий қиймати 2 миллиард долларлик 9 та лойиҳа
20:48 / 2024-10-14

Янгийўл туманида 14 октябрь куни Тошкент вилоятидаги муҳим лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишини бошлаш маросими бўлиб ўтди.

Тошкент вилояти мамлакатимиз иқтисодиётида стратегик аҳамиятга эга. Бу ҳудуд ва азим пойтахтимиз салоҳияти ўзаро боғлиқ ва бир-бирини тўлдириб келади.

Сўнгги беш йилда Тошкент вилоятида саноат ҳажми 1,5 баробарга кўпайиб, 107 триллион сўмни ташкил этган, маҳаллий экспорт ҳажми 3,5 карра ошиб, қарийб 1 миллиард долларга етган.

Қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити сармоялар ҳажмини ошириш, илғор технологияларни жорий этишга хизмат қилмоқда. 2018 йилда вилоятда жами бўлиб 20 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган бўлса, ўтган йили бу рақам 1 миллиард долларга етган. Чет эл капитали иштирокидаги корхоналар сони ҳам йил сайин ортиб, ҳозирда 1 минг 700 тани ташкил этмоқда.

Бугунги кунда 20 миллиард 360 миллион долларлик 91 та хорижий, 4 ярим миллиард долларлик 28 та маҳаллий инвестиция лойиҳалари бўйича иш олиб борилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев маросим доирасидаги лойиҳаларнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди.

Хусусан, Олмалиқ шаҳрида 1 миллиард доллар инвестиция ҳисобидан 227 гектар майдонда “Буюк ипак йўли” махсус саноат технопарки қурилади. У ерда электротехника, тўқимачилик, қурилиш материаллари, фармацевтика каби йўналишларда 100 га яқин корхона жойлаштирилади. 3 мингта янги иш ўрни яратилиб, йилига 5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва 300 миллион долларлик экспорт имконияти пайдо бўлади.

Юқори Чирчиқ туманида 350 миллион доллар эвазига 69 гектар майдонда тўқимачилик саноат парки ташкил этилади. Бу мажмуада 20 дан ортиқ ип-калава, мато тўқиш ва бўяш, тайёр текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари жойлаштирилади.

Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш изчил кўпайиб бормоқда. 2030 йилгача озиқ-овқат ишлаб чиқаришни 2 баробар, экспортини 5 баробар ва қўшилган қиймат даражасини 3 марта ошириш мақсад қилинган. Бунга эришишда, ҳеч шубҳасиз, Тошкент вилоятининг ҳиссаси катта.

Жумладан, Янгийўл туманида йилига 50 минг тонна минерал ўғит ва кимёвий воситалар, Қибрайда юқори сифатли экспортбоп озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш корхоналари ишга туширилмоқда.

Тошкент вилояти энергетика соҳасида ҳам катта салоҳиятга эга бўлиб, бу ерда 5,7 гигаваттли қувватлар мавжуд. Бу миқдорни ошириш мақсадида 1,5 миллиард долларлик 800 мегаваттдан ортиқ 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Яшил энергетикани ривожлантириш билан бирга, юртимизда энергетика тизими барқарорлигини сақлаш бўйича ҳам кўп ишлар қилинмоқда. Шунинг учун 2030 йилгача умумий қуввати 4 минг 100 мегаваттли электр энергиясини сақлаш тизимларини барпо этиш режалаштирилган.

Хитойнинг етакчи компаниялари иштирокида барпо этиладиган 3 та лойиҳа бунда муҳим ўрин тутади. Аввало, “Чайна Датанг” компанияси билан Бўка туманида қиймати 240 миллион долларлик қуёш электр станцияси барпо этилади. Бу станцияда йилига 576 миллион киловатт соат ёки 240 минг хонадон учун етарли электр энергияси олинади. Натижада вилоятда генерация қувватлари 6,5 гигаваттга, электр энергияси ишлаб чиқариш йилига 24 миллиард киловатт соатга етказилади.

Яна иккита лойиҳа – “China Energy Overseas Investment” компанияси билан ҳамкорликда Паркент ва Пискент туманларида қуриладиган 220 миллион долларлик, 200 мегаваттли энергия сақлаш тизимларидир. Улар куннинг тиғиз пайтларида узилишга йўл қўймаслик ва истеъмолчиларни электр билан ишончли таъминлаш имконини беради.

Сўнгги йилларда юртимизда 630 миллион доллар инвестиция ҳисобидан 400 мегаваттдан ортиқ янги гидроэлектр станциялари барпо этилиб, уларнинг қуввати 2,2 гигаваттга етказилди.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки юртимизда 3 минг 280 мегаватт қувватга эга бўлган 44 та ГЭС қуриш имконияти мавжуд. Айниқса, Тошкент вилоятида гидроэнергетика бўйича жуда катта салоҳият бор.

Ҳозирда вилоятда умумий қуввати 1 минг 330 мегаватт бўлган 25 та гидро электр станцияси мавжуд. Бу республикамиздаги жами гидроэнергетика қувватининг 60 фоизига тенгдир.

Бугунги кунда қиймати 880 миллион доллар ва қуввати 340 мегаватт бўлган яна 4 та ГЭС қурилмоқда. Шунингдек, 2028 йилгача вилоятда умумий қуввати қарийб 2 минг 400 мегаватт бўлган, 4 миллиард 800 миллион долларлик 23 та лойиҳа амалга оширилади.

Маросимда шундан иккитаси – Оҳангарон туманида барпо этилган 2,5 мегаваттли кичик ГЭС ҳамда Бўстонлиқ туманида қурилган 1,5 мегаваттли Угам кичик ГЭСи ишга туширилмоқда. Мазкур қувватлар йилига 18 миллион 400 минг киловатт соат “яшил” энергия ишлаб чиқаради ва 7 минг 600 та хонадонни электр энергияси билан таъминлайди.

Шавкат Мирзиёев юртимизга инвестиция киритаётган хорижий компанияларга миннатдорлик билдириб, ишларига муваффақият тилади.

Рамзий тугма босилиб, мазкур 9 та лойиҳанинг қурилиши ва фаолиятига старт берилди. Уларнинг умумий қиймати 2 миллиард доллардир.