English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Улуғ шоир бобокалонимиз ҳақида тарихий ва адолатли қарор
11:36 / 2023-02-01

Атоқли саркарда, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди ғоят серқирра, дилбар ва бетакрордир. Унинг асарлари бугунги кунда ҳам дунё олимлари томонидан катта қизиқиш ва эътибор билан ўрганилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январдаги «Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори мамлакатимиз маънавий ҳаётида ўзига хос воқелик бўлди.  

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи директорининг ўринбосари, филология фанлари номзоди, доцент Отабек ЖЎРАБОЕВ ушбу қарорнинг аҳамияти хусусида қуйидаги фикрларни билдирди:  

– Дунё тарихида кўплаб ҳукмдорлар ва ҳукмдор-ижодкорлар ўтган. Бироқ, том маънода ўзидан ўлмас мерос ва эзгу ном қолдирган ҳукмдорлар эса кўп эмас. Ана шундай жаҳоний тан олинишга эга шахсият ва улкан мерос соҳиби Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир.  

Бу улуғ сиймо таваллудининг 540 йиллигини муносиб нишонлаш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25 январда қабул қилинган қарорини ўз мазмун-моҳияти ва қамрови билан жуда катта аҳамиятга эга, дейиш мумкин.  

Биринчидан, бугунга қадар Бобур мирзо таваллуд санасини ҳар йили февраль ойида нишонлашни, айтиш жоизки, ҳар ким ўз ҳолича ва қамровича амалга оширар эди. Бу ҳам бўлса, асосан мустақиллик йилларида урфга кирганди.  

Иккинчидан, Бобур ижодий мероси ва унинг ҳаёт йўлини фақат олимлар ўрганар ва ўз давраларида, илмий анжуманлардагина фикр алмашишар эди. На бир давлат дастури, на бир ҳукумат қўллаб-қувватлаши бўлмаган.  

Учинчидан, Ўзбекистонда Бобур номи ҳар йили 14 февралдагина замонавий истилоҳ билан айтганда «трендга чиқарди». Кейин тор доирадаги олимлардан бошқа ҳамма унутар эди.  

Мазкур қарор эса юқоридаги уч жиҳатни ҳам бирваракайига тарихга айлантирди, мозийда қолдирди. Энди ҳақиқий маънода биз Бобурдек улуғ аждодимиз таваллуд санасини кенг ва жаҳоний миқёсда нишонлаймиз. Айни пайтда бу нишонлов шахсан Президент қарори асосида, тизимли ва тартибли дастур билан амалга ошади.  

Шуни ҳам айтиш жоизки, мазкур қарор Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йилни «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» дея эълон қилиши билан узвий боғлиқдир.  

Негаки, айнан Бобур мирзо ижодий меросининг муҳим жиҳатларини кенг миқёсда Олий таълим муассасалари ҳамда мактаб таълимига сингдириб бориш масаласига доир вазифалар қарорнинг 8 ва 9 бандларидан ўрин олган.  

Демак, Бобур асарлари, хусусан, «Бобурнома» («Вақоеъ»), шеърлар тўплами – «Девон», адабиётшуносликка бағишланган «Аруз рисоласи», фиқҳий-таълимий характердаги «Мубаййин» ва мавзудаги «Волидия рисоласи»ни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, турли баёну шарҳлар билан ўқувчиларга тақдим этиш, ҳануз очилмай келинаётган маъноларига диққат этиш каби вазифалар кун тартибига чиқади.  

Бу борада ҳам қарорнинг 6-бандида кўрсатилган «Бобур энциклопедияси»нинг тўлдирилган учинчи нашри ва «Бобур асарлари луғати китобхонлар учун жуда катта совға бўлиши шубҳасиздир.  

 

Н.Усмонова,  

ЎзА