English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Учрашувда туман истиқболи муҳокама қилинди
21:13 / 2022-11-20

Самарқанд вилояти Булунғур тумани ҳокими томонидан янги ташаббус илгари сурилди. Туманда туғилиб вояга етган, айни пайтда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ишлаётган йирик тадбиркор, кўзга кўринган сиёсатчилар ва бошқа соҳа вакиллари билан ноанъанавий учрашув ўтказилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Булунғур туманида туғилиб, вояга етган, бугунги кунда юртимизнинг турли манзиллари, хусусан Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва бошқа ҳудудларда юқори лавозимларда фаолият юритаётган, тадбиркорлик билан шуғулланаётган юртдошларимиз 500 нафардан зиёдни ташкил қилади. Албатта, киндик қони тўкилган манзил барча учун қадрдон. Шу сабабдан улар қайсидир даражада туман равнақига ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкин.  

Учрашувда Булунғур тумани ҳокими Самандар Астонов   мавжуд муаммолар, амалга оширилаётган ўзгаришлар,  истиқболдаги режалар, шунингдек тадбиркорлик ривожи учун мавжуд имкониятлар тўғрисида атрофлича маълумот берди. Ҳоким туман равнақи учун хизмат қилиши мумкин бўлган ҳар қандай лойиҳа ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Эркин мулоқот руҳида ўтган учрашув давомида тадбиркорлик қилиш истагида бўлган ташаббускорларнинг таклифлари тингланди, туман равнақи йўлида ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин бўлган масалалар муҳокама қилинди. Учрашув сўнгида эзгу мақсад йўлидаги юзма-юз мулоқотларни тез-тез ўтказиб туриш мақсадга мувофиқ бўлиши таъкидланди.

ЎзА