
Президентимиз томонидан жорий йилнинг 20 декабрь куни йўлланган Мурожаатномада кўтарилган масалалар долзарблиги, интеллектуал ва эмоционал залворига кўра, Янги Ўзбекистоннинг 2023 йилдаги ривожланиш концепциясини белгилаб берди.
Мурожаатномада таълим соҳасига устувор аҳамият қаратилди. Жумладан, 2023 йилдан барча мактабларда янгича методика асосида ўқитиш йўлга қўйилиши, педагоглар ҳуқуқи конституциявий мақомда белгиланиши, 70 та янги мактаб қурилиб, 460 таси кенгайтирилиши орқали икки сменали мактаблар тугатилиши таъкидланди. Шунингдек, хусусий инвестиция иштирокида 100 та мактаб лойҳаси бошлангани ва келгуси 5 йилда уларнинг сони 1000 тага етказилиши ва бошқа қатор масалалар айтиб ўтилди.
Мурожаатномада таълим соҳасидаги ютуқлар билан бирга, ушбу тизимдаги камчиликлар ҳам айтиб ўтилиб, аввало таълим тизимидаги коррупциявий ҳолатлар қаттиқ танқид қилинди. Хусусан, олий таълим муассасалари ичидаги коррурция ҳолатлари сақланиб қолаётгани қайд этилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари таълимдаги яна бир масалага эътибор қаратиб, таълим жараёнида миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилиши, она тилини билишни мажбур қилиш кераклигини таъкидлади. Албатта, Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг, ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашнинг асосий шарти бу ўзбек тилининг мавқеини кўтариш билан бевосита боғлиқ. Бизнингча, Янги Ўзбекистоннинг тил сиёсати ўзбек тилини ривожлантиришда мустаҳкам позицияга эга бўлмоғи лозим. Бунинг учун ижтимоий-сиёсий ҳаётда ўзбек тилининг фақат давлат тили ва расмий тил даражаси билан чекланиб қолмасдан уни сиёсат, илм-фан, бизнес ҳамда интернет тили даражаларига кўтарилишини илмий-назарий ва амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш лозим. Тил масаласидаги муаммолар бартараф этилиши баробарида ташқи сиёсатда ҳам ўзбек тилининг нуфузини кўтариш, яқин ва узоқ мамлакатларда яшаётган миллатдошларимизнинг лисоний бирлигини вужудга келтиришни Янги Ўзбекистонда тил сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида белгилаш мақсадга мувофиқдир.
Мурожаатномада таълим, илм-фан соҳасида кимё саноати, электротехника, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга Муҳандислик мактабларини ташкил қилиш ғояси илгари сурилди. Дарҳақиқат, ислоҳотларнинг амалий натижаси ва тараққиёт учун таълим ва илм-фан жуда муҳим, муқобили йўқ омиллар ҳисобланади.
Бизнингча, мамлакатимизда таълим ва илм-фаннинг синхрон ҳаракатини таъминлаш учун қатор вазифаларни амалга ошириш жоиз. Хусусан, Ўзбекистон Республикасидаги илмий тадқиқот институтлари ҳамда олий таълим ташкилотлари учун илмий муаммоларнинг аниқ давлат ва жамият буюртмаларини шакллантириш, илмий тадқиқот соҳасида тадқиқотлар натижадорлигини аниқлашнинг ҳисоб механизмини ривожланган давлатлар тажрибаси асосида тубдан ислоҳ этиш, илмий тадқиқот ишларини баҳолашда прагматик талабларни кучайтириш, илмий жараёнда коррупция ва порахўрликнинг олдини олиш лозим. Бундан ташқари, олий таълим ташкилотларида кадрлар тайёрлаш фаолиятидан ташқари илмий тадқиқот фаолиятининг улушини ошириш, илм-фаннинг муқобил энергия, АКТ, работотехника, нанотехнология, генетика каби йўналишларига алоҳида эътибор қаратиш, ҳарбий соҳадаги илмий тадқиқотларни алоҳида қўллаб-қувватлаш, хусусий илмий тадқиқот муассасалари, яъни «ақл марказлари» (think tanks)ни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш зарур.
Учинчи Ренессанс таълим ва илм-фансиз юзага келмайди. Шу маънода мамлакатимиз тараққиётида таълим ва илм-фан соҳаси билан боғлиқ ислоҳотлар жуда долзарб ҳисобланади. Бу вазифалар қанчалик қийин бўлмасин, Президентимиз айтганидек, “Танлаган йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Кўзлаган марраларимизга албатта етамиз”.
Давлатжон Маматқулов,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети доценти, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент. ЎзА