Туркиядаги зилзила қурбонлари сони 6 234 нафарга етди

Туркия ҳукумати Фавқулодда вазиятлар департаменти (AFAD) тарқатган охирги маълумотга кўра, даҳшатли ер қимирлаши оқибатида мамлакатда 6 234 киши қурбон бўлган, 37 мингдан кўп одам жароҳатланган.
Замин силкиниши Қаҳрамонмараш, Газиантеп, Шонлиурфа, Диёрбакир, Адана, Адияман, Усмония, Ҳатай, Килис, Малатя ва Элазиг вилоятларида ҳалокатли воқеаларга сабаб бўлди.

Табиий офат ҳудудида вайрон бўлган уйлар аҳолиси учун 50 минг 818 чодир ўрнатилди. Қидирув-қутқарув ишларига 79 минг 110 киши жалб этилган. Юк етказиб бериш, қутқарувчилар, шунингдек, жабрланганларни ташиш учун 104 та авиация техникаси жалб этилган.
ЎзА