
Йўловчи оқими бўйича Европанинг етакчи авиаташувчиси ҳисобланган янги Истанбул аэропортига элтувчи метро йўли ноябрь охирида очилади. Бу ҳақда Туркия транспорт ва инфратузилмалар вазири Одил Қориисмоилўғли CNN Türk телеканали эфирида маълум қилди.
"Истанбул аэропорти бир ёки икки ой ичида метрога эга бўлади. Марказий Тақсим майдонидан аэропортгача 30 дақиқалик йўл бўлади", - деди вазир.
Унинг айтишича, янги Истанбул аэропорти айни пайтда авиаташувлар бўйича Европада биринчи, дунёда бешинчи ўринда бормоқда. Аэропорт қурилиши хусусий манбалар орқали амалга оширилмоқда. Унинг қўшимча қилишича, ҳозир аэропорт йилига 120 миллион йўловчини ташиш имкониятига эга.
Янги Истанбул аэропорти 2019 йил Отатурк аэропорти ёпилгандан кейин фаолиятини бошлаган эди. Отатурк аэропорти ҳам ўз вақтида йўловчи оқими кўплиги бўйича Европада учинчи авиахаб ҳисобланган. Режага кўра янги аэропорт 2025 йилгача тўлиқ қуриб битказилади. Ўшанда аэропорт олтита учиш-қўниш йўлагига эга бўлади ва йилига 150 миллион йўловчига хизмат кўрсата олади.