English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Турк дунёси университетлари иттифоқи аъзолари Самарқандда учрашди
18:02 / 2023-06-07

Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида Туркий давлатлар ташкилоти Турк дунёси университетлари иттифоқи (TURKUNIB)нинг махсус йиғилиши бўлиб ўтди.

– Турк дунёси университетлари иттифоқи кенгаши 2013 йилда ташкил этилган бўлсада, ҳозирда унинг Қозоғистон, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Венгриядан 40 дан ортиқ аъзоси бор, – деди йиғилишда онлайн иштирок этган “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ректори Азиз Абдуҳакимов. – Турк дунёси университетлари иттифоқига Ўзбекистоннинг бир қатор университетлари, жумладан, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Қўқон университетлари аъзо бўлган. Турк дунёси университетлари иттифоқининг Самарқанддаги йиғилиши Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларининг етакчи университетлари вакилларига ҳар тарафлама фикр алмашинувлар асосида олий таълим соҳасида ҳамкорликни кучайтириш истиқболини белгилаш имконини берди.  

Тадбирда академик ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, тажриба ва билимларни алмашиш ҳамда қўшма таълим ва тадқиқот дастурларини ишлаб чиқиш бўйича фикр алмашилди.  

– Турк дунёси университетлари иттифоқига аъзо олий таълим муассасаларида умумий таълим стандартларини ишлаб чиқишни мақсад қилганмиз, – деди Туркий давлатлар ташкилоти Бош котибининг ўринбосари Саъди Жаъфаров. – Юқори сифатли таълимни таъминлаш учун, аввало, таълим стандартларини такомиллаштириш зарур. Шунингдек, университетлар ўртасида талабалар алмашинуви, амалиёт дастурларини яратиш, алмашинув учун стипендиялар ажратиш имкониятлари ўрганилади.  

[gallery-12244]

Йиғилишда ташкилотга аъзо давлатларнинг 50 га яқин олий таълим муассасалари вакиллари ва экспертлар иштирок этди.  

– Турк дунёси университетлари иттифоқи ўзаро ҳамкорлигимизни янада юксалтириш учун катта имконият, – дейди Аҳмад Яссавий халқаро қозоқ-турк университети васийлар кенгаши раиси Муҳитдин Шимшек. – Иттифоқ олдида жуда катта мақсад ва режалар бор. Самарқанд йиғилишида муҳим масалаларда ўзаро фикр алмашиб, келгусидаги вазифаларни аниқ белгилаб олиш талаб этилади. Йиғилишимизнинг Самарқандда ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Бу муқаддас тупроқ халқларимиз тарихида илм-фан, маданият ривожида муҳим аҳамиятга эга маскан ҳисобланади. Шу жиҳатдан ушбу учрашувимиз ҳам иттифоқ фаолиятида алоҳида аҳамиятга молик масалалар ечимини белгилаб беради, деган умиддаман.  

Анжуманда Туркий давлатлари ташкилотининг Турк дунёси университетлари иттифоқи аъзолари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, таълимни ривожлантириш, илмий-тадқиқотлар билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.  

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА