English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкентда илк марта “EduCO Fest” ёшлар фестивали ташкил этилди
15:28 / 2023-08-20

“EduCO Fest” - таълим ва экологиянинг уйғунлашуви бўлиб, унинг мақсади - Ўзбекистон ва Марказий Осиё ёшлари учун қизиқарли, истиқболли ва оммабоп йўналиш сифатида экология соҳасидаги таълимни оммалаштиришдир.

Тошкентда илк марта ташкил этилган “EduCO Fest” ёшлар фестивалидан  кўзланган мақсад ҳам экология соҳасида сифатли таълимни тарғиб қилиш ва дунё меҳнат бозорида ушбу касбга талаб юқори эканлигини намойиш этишдир.

Пойтахтимиздаги Мирзо Улуғбек номидаги истироҳат боғда ўтказилган фестивалда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Маммадзаде, Мисрнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амира Фаҳми, фаол ёшлар, халқаро ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

Тадбирда экспертларнинг бир қатор маърифий маърузалари, шунингдек, “Печа - куча” (бу замонавий конференция формати бўлиб, унда бир соҳа мутахассислари норасмий муҳитда мулоқот қилишлари мумкин) услубида турли ҳудудлардан келган эко-фаолларнинг чиқишлари,  яшил таълим учун имконият бурчаги, интерфаол тадбирлар, спектакллар, ўйинлар ва мусиқий тадбирлар ўтказилди.

– Нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда экологик муаммолар кўп, - деди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов. - Бу каби фестиваллар иқтидорли ёшлар учун имкониятдир. Бундан улар унумли фойдаланиши,  келажакда энг кўп талаб қилинадиган соҳаларда фундаментал таълим олиши мақсадга мувофиқ. Айтиб ўтиш керакки, Жаҳон иқтисодий форумига кўра, экология соҳаси энг юқори ҳақ тўланадиган ва истиқболли йўналишлардан биридир.

Тадбирда Ўзбекистон Кўнгиллилар уюшмаси ва Ёшлар агентлиги кўмагида экологик лойиҳалар муаллифлари танлаб олиниб, тақдимотлари ўтказилди.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, фестиваль якунлари бўйича яшил таълимга қизиқувчи ёшларнинг маълумотлар базаси шакллантирилди. Улар билан келгусида турли лойиҳаларда ҳамкорликни амалга ошириш режалаштирилган.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА