
Олмалиқ шаҳрида уч авлод учрашуви ўтказилди. Бу галги мулоқот маҳалла тизими ходимлари кунида ташкил этилгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Унда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, ҳудуд фаоллари, нуронийлар ва ёшлар, ўз хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ота-оналари, яқинлари таклиф этилди.
Вилоят ҳокимининг фармойиши билан бугундан эътиборан 55 нафар хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оила аъзоларига нафақа бериладиган бўлди. Вилоятда ҳарбий тузилмалар, ҳуқуқ-тартибот органлари билан биргаликдаги кенг қамровли йўл харитаси тасдиқланди.


– Кириб келаётган Рамазони шариф арафасида бундай хайрли мулоқотни ташкил этилганида чуқур маъно бор, албатта, — дейди Зойир Мирзаев. – Сабаби азиз фарзанди Ватан тинчлиги йўлида жон берган ота-оналар замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари, жасорат ва букилмас ирода тимсолидир.
Тадбирда "Маҳалла тизими ходимлари куни” муносабати билан Президентимиз фармонига асосан давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган юртдошларимизга орден ва медаллар топширилди. Шунингдек, 45 нафар маҳалла тизими вакилларига “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони ва эсдалик совғаларини топширилди.


Қайд этилганидек, сўнгги йилларда маҳалланинг мақоми мустаҳкамланиб, унинг халқимиз ҳаётида тутган ўрни юксалмоқда. Президентимиз раҳнамолигида маҳалла фаолиятини тубдан яхшилаш, уни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, вазифалари кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Мазкур рағбат эса тизимда ишлаётган фидойи инсонларнинг келгуси ишларига катта куч бағишлайди.
Санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури барчага манзур бўлди.


А. Мусаев, ЎзА.