English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилоятида ишончли вакил сайловолди ташвиқотини бошлади
18:19 / 2023-06-07

Бекобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ЎзЛиДеПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзоднинг ишончли вакили Сайёра Файзиеванинг ҳудуд фаоллари, турли соҳа ходимлари, депутатлар, давлат ва жамоат вакиллари, фахрийлар, нуронийлар, ёшлар ҳамда “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ ишчи-ходимларидан иборат сайловчилар билан ташвиқот учрашуви ташкил этилди.

Партия номзодининг ишончли вакили Сайёра Файзиева сайловчиларга Шавкат Мирзиёевнинг ҳаёти, меҳнат фаолияти, инсоний фазилатлари борасида атрофлича тўхталиб, бешта устувор мақсадни қамраб олган сайловолди дастурини изоҳлаб берди. Унда келтирилган халқчил ташаббус ва концептуал ғоя ва мақсадлар, устувор вазифаларга атрофлича тўхталиб ўтди. Хусусан, 2022 йил бошида аҳолиси сони 3 миллион нафарга етган Тошкент вилоятининг оғриқли нуқталаридан бири уй-жой билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади.  

Биргина, Тошкент вилоятидан бошланган “Менинг биринчи уйим” янги ипотека дастури ўзини оқлаб, бутун республика бўйлаб кенг қулоч ёзди. Бу дастур аҳолининг муносиб турмуш кечиришига хизмат қилувчи хайрли ислоҳот бўлгани билан ҳақли равишда тарихимизда қолиши шубҳасиз. Зангиота туманида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви ҳам халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти намунаси бўлиши муқаррар. Номзод сайловолди дастурининг биринчи мақсади ҳам ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шароит яратишдир. Бунда айниқса, таълим сифатини оширишдан тортиб, аҳоли саломатлигини яхшилаш, соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, аёлларнинг иш шароитларини яхшилашгача бўлган жараёнларнинг барчаси тўлиқ қамраб олингани замирида жуда катта инсонпарварлик ётибди. Шунингдек, сайловолди дастурнинг иккинчи мақсади мамлакатимизнинг барқарор ўсишини таъминлашга қаратилган бўлиб, 2030 йилгача иқтисодиётимиз ўсиш суръатлари 2 баробар оширилиб, 160 миллиард долларга етказилиши, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 2 минг 200 доллардан 4 минг долларга оширилишига эришиш кўзда тутилгани қайд этилди.  

Партия номзодининг ушбу сайловолди дастури ўз мазмун-моҳияти билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясининг мантиқий ва узвий давоми эканига урғу берилди. Сайловолди дастурининг туб замирида “Инсон қадри учун” тамойили ҳамда “Аввал инсон, кейин жамият ва давлат” деган халқчил ғоя ётгани айтиб ўтилди.  

Учрашувда сўзга чиққан “Ўзметкомбинат” АЖ "Металлург" шифохонаси бош шифокори Зарема Стригина, Бекобод шаҳар “Жомий” маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Ўғилжон Мирзамуратова, Бекобод шаҳар “Маьрифат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муҳаммади Сангинов, Бекобод шаҳар “Тоmiris school” хусусий мактаби ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Дилбар Содиқовалар сўнгги 6 йилда юртимизда олиб борилган оқилона сиёсат, бунёдкорликлар, янгиланишлар ҳақида ўз муносабатини билдирди.  

Тадбир якунида ишончли вакил Сайёра Файзиева йиғилганларни мамлакат салоҳиятини ҳар томонлама юксалтириш тарафдори бўлган Янги муҳташам Ўзбекистоннинг жонкуяр бунёдкори Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чорлади.  

А.Мусаев, ЎзА.