
Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев раислигида ҳудудга оид долзарб бўлиб турган бир қатор масалалар таҳлил қилинди, масъуллар ҳисоботи эшитилди.
Дастлаб Президентимизнинг 2022 йил 10 сентябрдаги “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижроси кўриб чиқилди. Масала бўйича вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Х.Ниёзов ахборот берди. Унга кўра, вилоятда жами 16 минг 546 гектар майдон тарқатилиши белгиланган. Бироқ, Ўрта Чирчиқ, Паркент туманларида 60 гектардан, Янгийўлда 100 гектар ер майдонларини захирага олиб, деҳқон хўжаликларини ташкил этиш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган топшириқлар бажарилмаётгани кескин танқид қилинди.


Мазкур туманларнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ҳоким ўринбосарларига нисбатан қатъий интизомий жазо ҳамда 3 кун муддатда муаммолар бартараф этилмаса, лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқиладиган бўлди.
Ҳозирги кунда аукцион савдолари якунланган бўлса-да, Қибрай туманида 115 та умумий майдони 94 гектар бўлган ер майдонларига талабгорлар аниқланмаган. Бу борадаги ишларни назоратга олмагани учун туманнинг биринчи ўринбосари Х.Бекмуродовга "ҳайфсан" берилди. 890 та талабгорларнинг хоҳиш истаклари инобатга олинмасдан, белгиланган маҳаллаларда ер майдонлари ижара асосида аукцион савдоларига чиқарилмагани учун вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи З.Йўлдошевдан тушунтириш хати олинди.

Шунингдек, лотларга бўлинган 8 минг 668 гектарнинг 5 минг 815 гектари 64 фоиз майдонда ғолиблар аниқланган холос. Бу борада Бўстонлиқда ишлар 5 фоизга бажарилгани кўрсатилмоқда. Юқоридагиларни инобатга олиб, Бўстонлиқ тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Т.Рустамбоевга эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тавсия этилди.
Вилоятда ипотека кредитлари асосида қурилаётган кўп қаватли уй-жойларни фойдаланишга топширилиши ҳамда уларга ипотека кредитлари чиқарилгани тўғрисида вилоят ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Шукурулло Маҳмудовнинг ҳисоботи тингланди. Унда бугунги кунда вилоят бўйлаб қурилаётган "Янги Ўзбекистон" массивларида кўп қаватли аҳоли хонадонларини қуриш ишлари режага нисбатан 44 фоизга бажарилгани қайд этилиб, кечикишига сабаб, пудрат ташкилотларининг молиявий ҳолати қониқарсизлиги айтилди.

Вилоятда “Яшил боғлар” ва “Яшил жамоат парклари”ни барпо этиш бўйича қилинаётган ишлар билан ҳам таништирилди. Қайд этилишича, ҳудуд бўйича 2022 йилда 64 гектардан зиёд ер майдонларида “Яшил боғлар” барпо этиш белгиланган эди. Амалда 65,8 гектар майдонда 40 минг тупга яқин манзарали дарахтлар экилди. Хусусан, 10 та ҳудудда 16 мингдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари экилиши ҳисобига "Яшил боғлар" ташкил этилмоқда. Эндиликда Ангрен, Нурафшон шаҳарлари, Бекобод, Бўка, Бўстонлиқ, Қуйи Чирчиқ, Оҳангарон, Тошкент, Ўрта Чирчиқ туманларида эса 50 гектардан зиёд ер майдонларида “Яшил жамоат парклари” лойиҳаси амалга оширилади.
Йиғилишда маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари ҳамда профилактика инспекторларини маҳаллалар кўчаларига бириктириш тизимини жорий қилиш бўйича берилган топшириқлар ижроси таҳлил қилинди ва масъулларга зарурий кўрсатмалар берилди.
А.Мусаев, ЎзА