English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тоғайтемир обод масканга айланмоқда
10:40 / 2023-10-05

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги Тоғайтемир қишлоғи пасту баланд сойликларда жойлашган. Туман марказидан 35-40 километр узоқликда жойлашган ушбу қишлоқни “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” дастури доирасида янада обод масканга айлантириш борасидаги ишлар бошлаб юборилган.

Давлатимиз раҳбари ташаббусига асосан ҳудудлардаги танлаб олинган маҳаллаларда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этишда асосан марказлардан олисда жойлашган маҳаллалар танлаб олинаётгани ҳам бежизга эмас. Хусусан, Тоғайтемир қишлоғи ҳам асосан қир-адирлардан ташкил топган ҳудуд бўлиб, қишлоқ аҳолисини ичимлик суви таъминоти, ички йўллар, электр қувватининг пастлиги ва бошқа шу каби муаммолар йиллар давомида қийнаб келарди. Айниқса, қишлоқ четида жойлашган қабристонга олиб борадиган йўлнинг аҳволи одамларни анчагина қийнаб қўйганди. 

Мана бир неча ҳафтадан буён Тоғайтемир қишлоғини улкан техникалар овози тутган. Қишлоқнинг бир бурчагида йўллар текисланаётган бўлса, яна бир томонида қабристон обод қилинмоқда. Ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида қўшимча янги ҳовуз қурилмоқда. 

Бўлаётган бунёдкорлик ишларидан ҳудуд аҳолиси ҳам мамнун. 

– Қишлоғимизда бўлаётган ўзгаришлар биз, кексаларни ҳам қувонтирмоқда, – дейди Абрўй бобо Қўлдошев. – Тупроқ йўлларимизга шағал ва асфалт ётқизилмоқда. Қабристонимиз обод қилинмоқда. Бўлаётган қурилиш ишларига одамларимиз ҳам кўмак бермоқда. Анчадан буён халқни қийнаб келаётган муаммоларга барҳам берилади энди. Бунинг учун шу ишларнинг бошида турган Юртбошимиздан миннатдормиз. 

Қишлоқдаги “Ҳазрати Шерхудо” қабристони қадимий қабристон саналиб, салкам 500 йиллик тарихга эга. Аммо йиллар давомида қабристоннинг кириш ва оралаб юрадиган йўллари абгор ҳолга келиб қолган ва бу аҳолига қиш-қировли кунларда ноқулайлик туғдираётган эди. Дастур доирасида ушбу қабристон ўртасидаги йўлаклар таъмирланадиган бўлди. Зинапоялар қилиниб, шағал ётқизиб чиқилмоқда.

“Аҳоли муаммоларини ўрганиш асносида бошланган ишлар натижасида қишлоқ кўриниши ҳам ўзгарди” дейди маҳаллий аҳоли. Ҳукуматимиз кўрсатаётган бундай эътиборга жавобан одамлар ҳам ўз уюшқоқлигини кўрсатиб, ҳашарлар орқали кўчасини, хонадони ободлигини таъминлаяпти.

Олиб борилаётган ишлар сектор раҳбарлари томонидан назоратга олиниб, ишнинг сифатли ва аҳоли билан бамаслаҳат амалга оширилишига алоҳида эътибор берилмоқда. Шунинг баробарида маҳалла биноси қуриш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида спорт майдончаси ташкил этиш ишларининг олиб борилаётгани ҳам ўрганишлар натижасидир, дейди масъуллар.

– Туманимиздаги Тоғайтемир маҳалласида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезони остида ишларни бошлаб юборганмиз, – дейди туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Шердил Эргашев. – Ҳозирги кунда маҳалла ҳудудида электр таъминотини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, маҳалла биноси қуриш ҳамда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида спорт майдончаларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳалланинг электр таъминотини яхшилаш бўйича иккита янги трансформатор ўрнатилади, 7,2 километр янги линия тортиш ҳамда 127 та бетон устун ўрнатиш ишлари амалга оширилади. Маҳалла “еттилиги”га қулай шароит яратиш мақсадида янги маҳалла биноси қуриб берилади. Бундан ташқари ёшлар учун воркаут майдончаси ҳамда футбол стадиони қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Мавжуд 10 километрга яқин тупроқ йўлларимизни шағаллаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунгача 4 километрига ётқизиб бўлинди. Таъкидлаб ўтиш керакки, аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини яхшилаш мақсадида 150 кублик қўшимча янги ҳовуз барпо қилиш ишлари ҳам бошлаб юборилган. 

[gallery-13868]

Ичимлик суви таъминотини яхшилаш қишлоқ аҳолисининг узоқ йиллик орзуси. Қишлоқ четидаги мавжуд 35 тонналик ҳовуз аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондира олмаётган эди. Дастур доирасида яна қўшимча 150 тонналик ҳовуз ва 27 километр масофадан тортиб келинаётган сув қувурлари аҳолининг бу борадаги талабини қондиришга хизмат қилади.

Электр таъминотида ҳам мавжуд 8 та трансформатор кучланишни кўтара олмаётганлиги сабаб тез-тез узилишлар кузатиларди. Қўшимча иккита трансформаторнинг ўрнатилиши ва 7,2 километр ҳаво линияларининг янгиланиши мавжуд муаммоларга барҳам беради.

Мухтасар айтганда, яқин орада Тоғайтемир қишлоғи “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” дастури доирасида обод гўшалардан бирига айланади. Масъулларнинг таъкидлашича, дастур доирасидаги ишлар жорий йилнинг ноябрь ойигача якунланиши мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, дастурга йилдан-йилга ўтувчи лойиҳа сифатида қишлоқ оилавий поликлиникасини янгидан қуриш лойиҳаси ҳам киритилган. Бунинг натижасида ҳудудда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ҳам яхшиланади.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари