
Инсоннинг тўрт мучаси соғ бўлсагина меҳнатида файз бўлади. Бунёдкорлик, яратувчанлик ғоялари асосида ўз олдига юксак орзу-мақсадлар қўя олади. Аммо касаллик кутилмаганда келади. Баъзан бетоблик билан синаламиз. Шундай пайтда бизга ёрдам бериши мумкин бўлган шифокорларни излаймиз.
ҚАРОРЛАР НАЗОРАТДА
Юртимизда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтириш, соҳага босқичма-босқич тиббий суғурта тизимини жорий этиш, тиббий хизматлар бозорида замонавий рақобат муҳитини яратиш, шу асосда аҳолининг кафолатланган ва сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятларини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий қилиняпти. Бу борада амалга оширилган ишлар, натижалар, истиқболдаги режалар хусусида ЎзА мухбири Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси бошқарма бошлиғи Шуҳрат АЛМАРДОНОВнинг фикрлари билан қизиқди.
– Бозор иқтисодиёти шароитида соғлиқни сақлаш соҳаси самарали молиялаштириш тизимисиз ривожлана олмайди, – дейди Шуҳрат Алмардонов. – Соғлиқни сақлаш соҳасидаги сметали молиялаштириш тизими эскирган, халқаро амалиётга мос келмайди, чунки у молия ресурсларининг самарасиз ишлатилиши, соҳанинг сурункали тарзда молиялаштирилмай қолишига олиб келмоқда. Ажратилаётган маблағларнинг сарфланиши самарадорлигини ошириш, тиббий муассасаларни молиялаштириш тизимини ислоҳ қилиш зарурати бор эди.
Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган концепцияда соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштиришни тубдан ислоҳ қилиш, тиббий суғуртани жорий қилиш, ушбу тизимни 2021 йилдан Сирдарё вилоятида тажриба-синов тариқасида қўллаш ва 2025 йилгача республика миқёсида тиббий суғурта тизимига босқичма-босқич ўтиш вазифалари белгиланди.
Жуда кўпчиликни ўйлантирган бир масала бор. Суғурта деганда пул тўлаш керак, деган фикр пайдо бўлади. Аммо аҳоли бу суғурта турига пул ва бадаллар тўламайди, барча харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Бунда давлат тиббий ёрдам олиш қоидаларини белгилайди, мазкур қоидаларга риоя қилган шахсларга ҳар бир босқичда тиббий хизмат бепуллигини кафолатлайди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтириш орқали касалликларни эрта босқичларда аниқлаш ва оғир асоратларининг олдини олиш, зарур тиббий хизматлар билан қамраб олиш асосий мақсаддир.
Давлат бюджетидан ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағлар доирасида давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажми тасдиқланади. Бунинг натижасида бепул ва пуллик тиббий хизматларнинг аниқ чегараси белгиланади. Тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмига тиббий хизматлар, дори воситалари ва сарфлов материаллари киритилган. Ушбу ҳажм тиббий ёрдамни кўрсатиш даражалари ва муассасалар кесимида аҳолига тақдим этилади. Бунда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тиббий хизматларнинг аҳоли учун харидини амалга оширади. Бу орқали тиббиёт муассасаларининг фаолияти самарадорлиги назорат қилинади, улар эришилган натижага асосан молиялаштирилади, ажратилаётган маблағлар мақсадли сарфланишига эришилади.
Бу каби саъй-ҳаракатлардан кўзланган яна бир мақсад, тиббий хизматларни кўрсатишга нодавлат тиббиёт ташкилотларини жалб қилиш, тиббий хизматлар бозорида соғлом рақобат муҳитини яратиш, шу асосда аҳолининг кафолатланган, сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятларини кенгайтиришдир. Давлат тиббий суғуртасининг ягона ахборот тизими, маълумотлар базаси ва бошқа ахборот ресурсларини яратиш, тиббий хизматлар кўрсатишда қулайлик, шаффофлик таъминланади, ўз ўрнида коррупциявий ҳолатларнинг олди олинади.
ХОРИЖИЙ ТАЖРИБА
Тиббий суғурта — тиббий хизмат сифатини кафолатлайдиган тизим ҳисобланиб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида унинг мажбурий ва ихтиёрий тури кенг жорий этилган. Тиббий суғуртанинг бу турлари суғурталанувчилардан олинган суғурта бадали ҳисобига суғурта ҳодисаси рўй берганда кўрсатилган тиббий ёрдам харажатлари қопланишини назарда тутади.
Давлат тиббий суғуртаси тизими Давлат бюджетидан тиббий ёрдам кўрсатиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади. Аҳолидан ҳеч қандай тўловлар талаб қилинмайди.
Қисқача айтганда, давлат тиббий суғуртасининг бошқа суғурта турларидан фарқи шундаки, белгиланган тартиб-қоидаларга мувофиқ аҳолининг барча қатламлари кафолатланган тиббий ёрдам ҳажми билан қамраб олинади, бу билан боғлиқ харажатлар давлат томонидан қоплаб берилади.
СИНОВ ТАРИҚАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ЛОЙИҲАНИНГ НАТИЖАЛАРИ ҚАНДАЙ?
Давлат раҳбарининг қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 июлдан бошлаб Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини тажриба-синов тариқасида жорий этиш ишлари олиб бориляпти. Ўтган вақт давомида тиббий хизматлар хариди йўлга қўйилди, тиббиёт муассасалари молиялаштирилмоқда, уларга молиявий мустақиллик берилди. Вилоят шифохоналарида юқумли бўлмаган касалликлар асоратлари билан ётиш камайди. Мисол учун, инфаркт – 7 фоизга, инсульт – 9 фоизга, бронхиал астма – 2,5 фоизга камайди. Шифохоналарга йўлланма асосида мурожаат 45 фоиздан 85 фоизга ошди. Беморларни асоссиз ётқизиш 45 фоиздан 20 фоизга камайди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг кундузги шифохоналарида даволанганлар сони 75 фоизга ошгани ислоҳотнинг ижобий натижаларидан.
Алоҳида сурункали касалликларни амбулатор даволаш учун дори воситаларини электрон рецепт асосида дорихоналар томонидан беморларга бепул бериш ва сарф-харажатларини қоплаш тизими жорий этилиши натижасида артериал гипертония, қандли диабетнинг 2 тури, астма ва ўпканинг сурункали обструктив касаллиги каби касаллиги бўлган беморларга – 11 турдаги дори воситаси бепул берилмоқда. Ҳар бир муассасада кафолатланган ҳажм доирасида бепул тиббий хизматлар кўрсатилиб, қабулга олдиндан ёзилиш имконияти туфайли навбатларнинг олди олиняпти. Шифокор олди кўриги хоналари ташкил этилиб, оилавий шифокор ва ҳамширалар жамоа бўлиб ишлаши йўлга қўйилди.
ТУШУНМОВЧИЛИК ВА МУАММОЛАР
Эътиборли жиҳати, Давлат тиббий суғуртаси тизимининг пойдевори, бу — давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажми. Ушбу кафолатланган ҳажмга киритилган тиббий хизматлар, дори воситалари эҳтиёжмандларга бепул тақдим этилиши аҳолининг зарур тиббий ёрдам олиш ҳақ-ҳуқуқларини таъминлайди.
Мазкур тизимнинг йўлга қўйилиши натижасида бепул ва пуллик тиббий хизматлар ҳажмига аниқлик киритилади. Соғлиқни сақлаш тизимидаги самарасиз харажатлар улуши босқичма-босқич қисқартирилади, аҳолининг тиббий ёрдам учун норасмий тўловлари даражаси камайтирилади. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағлар доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами улуши оширилиб, тиббиёт муассасалари молиявий мустақиллигини ошириш ва тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш механизмлари кенгайтирилади. Аҳолининг ижтимоий заиф тоифалари вакилларини сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш даражаси оширилиб, хусусий тиббиёт ташкилотларини жалб қилган ҳолда тиббий хизматлар бозорида рақобат муҳити яратилади.
Бу тизим жорий этилиши натижасида аҳоли рўйхатдан ўтказилиб, бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларига бириктирилади, уларнинг саломатлиги ҳақидаги маълумотлар электрон шаклда жамланади.
Барча касалликларнинг диагностика ва даволаш стандартлари ишлаб чиқилиб, беморларга тиббий хизматлар ва дори воситалари кафолатланган ҳажми доирасида ана шу стандартларга кўра тиббий хизмат кўрсатади. Навбатларга чек қўйилиб, масофадан навбатга ёзилиш имкониятидан фойдаланган ҳолда белгиланган вақтда шифокор қабули ташкил этилади.
Давлат тиббий суғуртасининг шифокорлар учун ҳам қулайлиги мавжуд бўлиб, оилавий шифокорларнинг ваколати кенгайтирилади, беморларга бепул даволанишга йўлланма тақдим этиш, дори воситаларини дорихоналардан бепул олиш учун рецепт бериш каби имкониятлар уларнинг нуфузини оширишга ҳам хизмат қилади. Энг муҳими – оилавий шифокорнинг ўз бириктирилган аҳолиси учун масъуллиги ортади, касалланишнинг олди олинади, касалликлар эрта босқичларда аниқланади ва самарали даволаш таъминланади. Бу эса соғлом инсонлар сафини кенгайтириб, фуқароларнинг давлат тиббиётига бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
ИСТИҚБОЛДАГИ РЕЖАЛАР
Сирдарё тажриба-синов лойиҳасини 2024 йилгача давом эттириш ҳамда давлат тиббий суғуртаси тизимини Тошкент шаҳрида 2023 йилдан жорий этиш билан боғлиқ ишлар бошланди. Шунингдек, натижага асосланган молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш, реимбурсация тизимидаги дори воситалари рўйхатини кенгайтириш (дорилар турини 11 та дан 20 та гача етказиш), бошқа ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини давлат тиббий суғуртаси тизими жорий қилинишига тайёрлаш чоралари кўрилмоқда.
Саломатлик – қиёси йўқ бойлик. Уни асраш бир томондан ўз қўлимизда бўлса, бир томондан шифокорларга, тиббиётдаги ютуқларга боғлиқ. Шу боис ҳам юртимизда замонавий тиббиётдан фойдаланишни жадаллаштириш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Зеро, ҳар бир ислоҳот замирида инсон ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатлари ётибди.
Барно Мелиқулова, ЎзА