
Тергов сифатини, шу орқали суд қарорларининг ҳам сифатини ошириш бугуннинг долзарб масалаларидан бири.
Хоразм вилояти суди, вилоят ИИБ ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида терговчилар учун “Дастлабки тергов органлари томонидан йўл қўйилаётган камчиликларнинг олдини олиш” мавзусида семинар ўтказилди.
Вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, вилоят ИИБ ва вилоят прокуратураси вакиллари маъруза қилиб, жорий йилнинг ўтган 8 ойида дастлабки тергов органлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган камчиликлар таҳлил этилди.
– Жорий йилнинг январь - август ойларида судларда кўрилган ишлар кўздан кечирилди. Натижада тергов жараёнларида фуқаролик муносабатларидан келиб чиқадиган низолар фирибгарлик жинояти деб баҳоланиб, айблов эълон қилиш ҳолатлари мавжудлиги; солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш билан боғлиқ жиноятларни квалификация қилиш юзасидан ҳамда вояга етмаганларга оид жиноят иши бўйича қонуний вакил қатнашиши шарт бўлган ишда вакил қатнаштирилмаганлик каби ҳолатлар аниқланди.
Таҳлиллар натижасидан келиб чиқиб, семинар давомида ёш терговчиларга Конституция, Қонун ва Кодексларнинг қўлланилиш тартиби ҳақида тушунтириш бердик, – дейди Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Ойбек Маҳмудов.
[gallery-13732]
Мулоқотларда мавжуд камчиликларни бартараф этиш, янги қонунларни қўллашда юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликнинг олдини олиш ва тергов жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш масалалари муҳокама қилиниб, қатнашчиларнинг мавзу юзасидан таклифлари эшитилди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА