Темур ва темурийлар даври Ўрта Осиё ва Хуросон маданиятида алоҳида ўрин эгаллайди. Бу давр хусусан, ўзбек маданиятининг ривожланишига катта асос бўлиб хизмат қилади. Мазкур давр маданияти Темур асос солган кучли давлатчилик тамойиллари асосида шаклланган ижтимоий-иқтисодий тараққиёт билан боғлиқдир.
Ўзбекистон тарихи давлат музейида Эрон Ислом Республикаси элчихонаси билан ҳамкорликда “Хуросонда темурийлар даври меъморий ёдгорликлари фотосуратлари” I кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мутахассисларга кўра, темурийлар даврида нафақат Ўрта Осиё, балки Хуросонда ҳам санъат ва меъморчилик юксак даражада ривожланган. Ушбу кўргазма темурийларнинг Хуросон ҳудудида олиб борган кенг кўламли бунёдкорлик ишларини ёритишга бағишланган. "Хуросондаги темурийлар даври меъморий ёдгорликлари фотосуратлари" I кўргазмасида ҳам темурийларнинг Хуросонда яратган мўжаз санъати ва меъморчилик намуналари акс этган фотосуратлар жой олган.
Фотосуратларда темурийлар давридаги ижтимоий-иқтисодий ҳаёт, одамларнинг турмуш тарзи, ўша давр муҳити яққол кўзга ташланади. Кўргазмада намойиш этилган Эрон халқ амалий санъати ва темурийлар даври амалий санъатига тегишли сопол лаганларда ҳам юртнинг шукуҳи акс этган.
Кўргазмада намойиш этилган 40 га яқин асар, Эроннинг архитектураси, тарихий обидалари, табиати, осори-атиқалари акс этган фотосуратлар Ўзбекистон табиати билан ҳамоҳанг, шу юртнинг тарихий, меъморий обидаларига ўхшашдир.
Мазкур кўргазмада машҳур эронлик фотосуратчилар Ризо Иброҳим Ниё ҳамда Муҳаммад Ризо Паҳлавонларнинг ижодий асарлари ўрин олган.
Улар ўзларининг асарларида Эроннинг Машҳад, Нишопур, Турбатжом ва бошқа шаҳарларидаги темурийлар даври меъморчилик ва санъат намуналарини тасвирлаган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА