
Мамлакатимизда аҳолини марказлашган ҳолда тоза ичимлик суви билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хатирчи туманидаги “Тасмачи” маҳалла фуқаролар йиғинида 4631 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қир-адирлар орасида жойлашган маҳалла аҳлини бир неча йиллардан буён тоза ичимлик суви муаммоси қийнаб келарди.

— Маҳалламизда 787 та хонадонда 1125 та оила истиқомат қилади, – дейди маҳалла раиси Шаҳобиддин Назаров. – Шу кунга қадар маҳалламиз аҳли асосан қўлбола усулда ўрнатилган “качалка” орқали сув ичиб келарди. Президентимиз қарорига асосан Наврўз байрами арафасида маҳалламиз тўлиқ тоза ичимлик сув билан таъминланди. Хонадонларимиз дарвозаси олдигача қувур тортиб келинди. Сув босими яхши. Аҳолимиз мазза қилиб тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлмоқда.

2022 йил 22 январдаги “2022 - 2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Президент қарорига асосан Хатирчи тумани аҳолисининг марказлашган ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун 7 миллиард 830,3 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Натижада туманнинг марказлашган ичимлик сув билан умуман таъминланмаган 7 та маҳалласи, жумладан, “Тасмачи”, “Чағатой”, “Уйшун”, “Қўшчинор”, “Бўғирдоқ”, “Янги” ва “Гулистон” МФЙларини босқичма-босқич ичимлик суви билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳанинг 1-босқичида 22,3 километр ичимлик сув тармоқлари тортилди. 1 та сув иншооти янгидан қурилди ва мавжуд 1 та сув иншооти тўлиқ реконструкция қилинди. Лойиҳанинг 2-босқичи 2023 йил якунига қадар амалга оширилиши режалаштирилган.

Вилоятда мазкур қарорга мувофиқ, 2022 йил “Инвестиция” дастури доирасида аҳолини марказлашган ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида республика бюджетидан ажратилган 32,7 миллиард сўм маблағ эвазига 107,5 километр ичимлик сув тармоқлари тортиш ҳамда 3 дона сув иншоотлари ва 1 дона оқава сув тозалаш иншооти қурилиши режалаштирилган эди.

Бугунги кунда мазкур дастур доирасида қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунига етказилиб, қарийб 12 минг 726 нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминланди ва 2 минг нафардан ортиқ аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди.
Абдували Бўриев, ЎзА