Тарихни акс эттирган кўргазма

Пойтахтимиздаги Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида бухоролик рассом Музаффар Абдуллаев таваллудининг 70 йиллигига бағишланган “Ҳаёт зафари” номли шахсий кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.
Кўргазмада рассомнинг 40 дан ортиқ рангтасвир асарлари намойиш қилинди.

Тадбирда қайд этилганидек, рассом Музаффар Абдуллаев ўз ижодида кўпинча автопортретларга мурожаат қилади. Унинг “Автопортрет” (1982) асарида акс эттирилган ташвишли нигоҳи, ўйчан кўзлари дунёда рўй бераётган воқеаларни чуқур таҳлил ва муҳаббат билан кузатаётгандек туюлади.

Музаффар Абдуллаев ўзининг ички дунёси, кечинмалари, ҳис-туйғулари ҳақида шундай дейди: "Тасвир, персонажлар, даврлар устида ишладим, ўзимнинг иштиёқим, муҳаббатим билан халқим, шаҳрим ва вилоятимнинг ранг-баранглиги, қадимий анъаналари, бой тарихини суратларда етказишга ҳаракат қилдим”.
Кўргазма жорий йилнинг 5 октябригача давом этади.



Гулноза Бобоева, ЎзА