English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тараққиёт сари юз тутаётган Янги Ўзбекистон
17:55 / 2023-03-03

Аҳолининг ҳаёт даражасини янада юксалтириш, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, камбағалликни қисқартириш ҳамда таълим сифатини илғор халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, қисқа қилиб айтганда жамиятдаги барча соҳаларни “Янги Ўзбекистон” га мос равишда янги босқичга олиб чиқишни ўзида акс эттирган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” ги фармон имзоланди.

Давлат дастури 7 та йўналиш, 303 та банд ва 100 та мақсаддан иборат бўлиб, ушбу мақсадларга эришиш учун умумий қиймати 54 триллион сўм ва 15 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.  

Шу ўринда айтиш керакки, мазкур Давлат дастури лойиҳаси оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли ва кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши жараёнида жами 7 мингдан ортиқ таклифлар, янги ташаббуслар келиб тушганлиги, вилоятимизнинг фаол ва ташаббускор фуқаролари ҳам 800 дан ортиқ таклиф ва тавсиялари билан иштирок этганлиги ўз навбатида мамлакатимизда фаол фуқаролик жамиятининг ривожланаётганлигидан далолатдир.

Халқ билан очиқ мулоқот натижалари асосида тайёрланган ушбу Давлат дастурининг пировард мақсади барча соҳаларни ривожлантириш орқали халқимизнинг фаровонлигини ошириш ва кундалик ҳаётидаги муаммоларни ҳал этишни ўз ичига олган, десак муболаға бўлмайди.  

Биргина ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни таълим олишга бўлган қизиқишини амалда рўёбга чиқариш йўналишини оладиган бўлсак, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар)нинг биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти босқичма-босқич жорий этилмоқда.  

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-4-синфларида ўқувчиларни илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган дарсликлар бўйича ўқитиш, 5-9-синфларда ўқувчиларга умумтаълим фанларидан таянч билимлар бериш ҳамда 10-11-синф ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилиятига мос бўлган ихтисослашган дастурлар асосида билим бериш амалиёти жорий қилинмоқда. Шунингдек, барча умумий ўрта таълим мактабларининг биринчи тўртинчи синф ўқувчиларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилаётганлиги ҳам ёшлар таълимига қаратилаётган эътиборнинг яққол далилидир.  

Фуқароларнинг яшаш ва турмуш шароитларини янада яхшилаш мақсадида “Янги Ўзбекистон” массивлари ва 161 та бошқа массивларда, жумладан, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан янги уй-жойлар қуришнинг йиллик ҳажми 1,6 бараварга оширилиб, 90 мингга етказиш. 32 минг нафар фуқарога бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари, шунингдек, 11 минг нафар фуқарога бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга субсидиялар ажратилмоқда.  

Аҳолига бирламчи тиббий хизматларни яқинлаштириш ва фуқароларни сифатли тиббий хизматлар билан таъминлаш мақсадида 2023 йилда 30 та оилавий поликлиника, 110 та оилавий шифокор пункти ва 520 тагача ихчам маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этилмоқда. Шу билан бирга, 18-40 ёшли 12,6 миллион нафар аҳолини профилактик кўрикдан ўтказиш, 40 ёш ва ундан катта ёшдаги сурункали касаллиги бўлмаган 6,3 миллион нафар аҳолини юрак қон-томир касалликлари ва қандли диабет,3 миллион нафар аҳолини онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скрининг текширувларидан ўтказиш белгиланганлиги ҳам  аҳоли манфаатларини ўйлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг намунасидир.  

Шунингдек, 2023 йилда жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 8 триллион сўм, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастурлари доирасида амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштириш учун 4 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилган.  

Албатта, дастурни ишлаб чиқиб тасдиқлаш бир томон бўлса, унинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш иккинчи муҳим масала ҳисобланади.  

Президент фармонининг 16-бандида Адлия вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатига Давлат дастури амалга оширилишининг боришини тизимли мониторинг қилиш, уни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун қўшимча чоралар кўриб бориш бўйича муҳим вазифалар юклатилди.  

Шундай экан, муҳтарам юртбошимиз бот-бот таъкидлаганлари каби “Янги Ўзбекистонни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қўрамиз”, деган тамойили асосида бугунги туб ўзгариш ва ислоҳотларни юртимиздаги ҳар бир фуқаро онгига етиб боришини таъминлаш фуқаролик жамияти институтларининг асосий вазифаларидандир.   

Даврон Шадмонов,  

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати  

Қашқадарё ҳудудий бўлинмаси раҳбари,  

вилоят Кенгаши депутати