
Яқинда Webster университети ўқитувчиси, бир неча дарсликлар муаллифи, таълим бўйича эксперт Комил Жалилов билан мактаб таълими тизимидаги янгиликлар ва ўзгаришлар хусусида суҳбатлашдик.
Жумладан, хорижлик ўқитувчиларни мамлакатимиз таълим даргоҳларига жалб этиш қанчалик самара бериши, ривожланган халқаро методикаларни дарсликларда қўллаш ва мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига киришдаги кўрсатгичлари суҳбатимизнинг асосий мавзуси бўлди.
- Чет элдан ўқитувчиларни жалб қилиш қанчалик самара беради деб ўйлайсиз?
- Ҳар қандай янгиликнинг асосида айниқса таълим соҳасининг орқасида илмий тадқиқотлар туриши керак. Яъни нимадир қилмоқчимизми илмга асосланишимиз керак. Шу нарса бошқа жойларда иш берганми, олимлар бу нарсани ўрганганми, нима деган, қанақа хулосалар берган. Мана шу тадқиқотларга суянишимиз керак, деб ўйлайман. Бу нарса бизга қиммат хатоларнинг олдини олиш имконини беради. Бу хатолар қиммат дегани нафақат иқтисодий нуқтаи назардан қиммат, балки, уларнинг келажагига таъсир қилиши мумкин бўлган хатоларни олдини олиш имконини беради… Тил эгаларининг тилини яъни инглиззабоннинг инглиз тилини ёки француззабоннинг француз тилини бошқа миллат вакилларига қараганда яхшироқ ўргатишини тасдиқлайдиган илмий тадқиқот натижаларини кўрмадим. Шу мавзу бўйича илмий иш мақолаларни варақлаб таҳлил қилиб кўрганимда шунақа хулосаларга дуч келдимки, хорижликни жалб қилиш ўқувчининг мотивациясига таъсир қилиши, унинг сал иштиёқи баландроқ бўлиши мумкин, лекин эффект шу билан чекланади. Яъни унинг методикаси самаралироқ эканлиги ёки ўқувчиларнинг яхшироқ натижага эришиши илмий исботланмаган.
- Таълим тизимида дарсликларда хориж тажрибасини ўрганиш ва ўзимизда қўллаш ҳақида ҳаракатлар бўлмоқда, сиз нима деб ўйлайсиз, умуман таълимда хориж тажрибасини қўллаш қанчалик муҳим?
- Таълимда хориж тажрибасини ўрганиш керак. Боя айтганимдек илмий тадқиқотларга таяниш лозим. Бу биринчидан, бошқа давлатлар нима қилиб яхши натижаларга эришганлигини кўриш имконини беради, қайси омиллар шу муваффақиятга олиб келганини кўрсатади. Иккинчидан, бошқа давлатлар қилган хатоларни қайтармаслик имконини беради. Ривожланган давлатларнинг дарсликларини ўрганиш ҳам яхши, лекин уларни шундоқ кўчириб қўйиб бўлмайди. Чунки ҳар бир давлатнинг ўзининг таълим стандарти бор, ўзининг таълимдаги мақсадлари бор. “Таълим философияси” дейди буни илмий тилда. Ўқувчилар нимага эришиши керак, қанақа инсон бўлиб етишиши керак…
Кўп давлатларда дарсликларни давлат яратмайди, давлат бюджетидан яратилмайди. Вазирлик давлат таълим стандардларини тасдиқлайди. Бу якуний натижаларга олиб борадиган талаблар. Финландияда ҳам худди шундай хусусий нашриётлар дарсликларни яратади ва уларни эркин бозорга чиқаради. Ўқитувчилар қайси дарслик ўзининг ўқитиш тамойилларига мослигини ўрганиб туриб, ўқитиш ҳақидаги қарорини эркин қарор қилади.
Комил Жалиловнинг айтишича, бошланғич синфлар учун “Novda Edutainment” ишлаб чиққан айрим дарсликлар олдинги миллий ўқув дастури дарсликлари билан узвий боғлиқ эмаслигини айтади ва дарсликлар ўқувчилар ёшига нисбатан мураккаб.
- Мактабларни таққослаганда анча фарқ сезилиб қолмоқда. Масалан, Чироқчидаги мактаб билан Тошкентдаги мактабни солиштирсак катта фарқ борлигини кўрамиз. Нима деб ўйлайсиз бунақа таълим тизими тўғрими?
- Умумий ўрта таълимнинг сифат талаблари бўлиши керак. Масалан, ўқувчилар сони фалон сондан ошмаслиги керак, битта ўқитувчига мана шунча ўқувчи тўғри келиши керак, мана бунақа шароитлар бўлиши керак деган аниқ талаблар бўлиши керак. Ҳамма мактаблар шу талаблар асосида ишлаши керак. Баъзи мактабларда лабораторияси дейсизми, ҳожатхона дейсизми, энг замонавий кутубхонаси дейсизми, ҳаммасини қилиб қўйсангизда, бошқа бир мактабда на кутубхона бор, на спорт зал бор, на ҳожатхона бор. Бу адолатдан эмас.
- Олий таълим муассасаларида мактаб битирувчиларнинг натижалари пастлиги таълимга боғлиқми ёки тест жараёнларига?
- Социология илмий нуқтаи назаридан олиб қарасангиз тест бу - тарози. Тарози тўғри ишлаши учун у бир қанча сифат босқичларидан ўтиши керак. Сиз тўғри ишлаётганига ишонч ҳосил қилиб, ундан кейин бу тарозини кимнингдир билимини билиш учун ишлатоласиз… Бизга нима муҳим дарсликлардаги қуруқ рақамларни ёдлайдиган авлод керакми ёки фикрлайдиган авлод керакми мана шу нарсани ҳам аниқлаб олишимиз керак. Афсуски, бизнинг тестларимиз қуруқ ёдлашга асосланмоқда. Инсон хотираси чексиз эмас, хоҳлаган маълумотингизни хоҳлаган сиғимда тиқиб қўядиган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/z54fQN_QVF4" title="Таълим тараққиёти: муаммо ва ечимлар" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Эксперт яна шуни қўшимча қиладики, илмий тадқиқотлар ҳаммага бир хил таълим бериш кераклигини, бошқа йўл билан инсон капиталини кўтариб бўлмаслигини айтади.
Сардорбек Поёнов, Аброр Содиқов (видео), ЎзА.