English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талабалардан кўрсатилмаган хизматлар учун олинган 702 миллион 243 минг сўм маблағ қайтарилди
17:56 / 2022-04-15

Андижонда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш соҳасида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Соҳа мутахассислари, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган анжуманда мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий билимлари ҳамда истеъмол маданиятини юксалтириш, шунингдек, реклама фаолиятини белгиланган тартиблар асосида ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди. 

Анжуманда мутасаддилар томонидан 2022 йил ва жорий йилнинг биринчи чорагида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилган ишлар хусусида маълумотлар берилди. 



Ўтган йили ҳудудий бошқармага юридик ва жисмоний шахслардан жами 998 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 682 таси уй-жой, коммунал ва транспорт соҳасига, 186 таси савдо ва умумий овқатланиш соҳасига, 103 таси алоқа ва молиявий ижтимоий хизматлар соҳага, 27 таси реклама фаолиятини тартибга солиш мазмунидаги мурожаатлар ташкил этди.  

Ҳозирга қадар барча йўналишлар бўйича мурожаатларнинг  542 таси ижобий ҳал этилди. Натижада 1 миллиард 296 миллион сўм миқдордаги маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди. Мурожаатларнинг 254 тасига ҳуқуқий маълумотлар, 138 тасига тегишли тушунтириш берилди, 37 мурожаат кўриб чиқиш учун ваколатли идорага юборилди.  

Анжуманда уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш, қурилиш ва транспорт соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўрганишлар ўтказилганлиги таъкидланди. Жумладан, аҳолига пуллик транспорт хизматини кўрсатилиши юзасидан ўтказилган таҳлиллар натижасида 596 минг 647 нафар истеъмолчидан ортиқча олинган 6 миллиард 926,5 миллион сўм миқдоридаги маблағни истеъмолчиларга қайтариш чоралари кўрилаётганлиги қайд этилди. Шунингдек, аҳолига ичимлик суви, табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш, савдо мажмуалари ҳамда бозорларда хизмат кўрсатиш, озиқ-овқат маҳсулотларининг муддати ўтиб кетиш ва истеъмолга яроқлилиги, даволаниш, дори-дармонлар сотиб олиш, суғурта хизматлари кўрсатиш, олий ўқув юртларида хизмат кўрсатиш учун талаблардан маблағ ундириш билан боғлиқ кўплаб йўналишларда ўтказилган ўрганишлар бўйича истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. 

Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонуннинг 21-моддасида кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас, деб белгиланган бўлса-да, олий таълим муассасалари томонидан 2019-2020 ва 2020-2021 ўқув йилларида 6 минг 90 нафар талабадан жами 702 миллион 243 минг сўм миқдорида ортиқча маблағ ундирилганлик ҳолатлари аниқланиб, 2021 йил давомида ортиқча ундирилган маблағлар истеъмолчилар, яъни талабаларга қайтарилди.  



Реклама фаолиятини тартибга солиш бўйича ўрганишлар жараёнида  амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатлари талабларига тўғри келмайдиган, миллий қадриятларимизга зид бўлган, жумлалари нотўғри тузилган, Давлат тили нормаларига риоя қилинмаган, имло хатолари билан ёзилган ҳамда ноқонуний ўрнатилган реклама конструкциялари тартибга келтирилди, 830 та рекламадаги ёзувлар қонун талабларига мослаштирилди. Шунингдек, белгиланган тартиблар асосида ўрнатилмаган, турли хатолари бўлган 755 та баннер ҳамда 4 минг 814 та реклама воситаси амалдаги тартиблар доирасида олиб ташланди.  

Анжуманда оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган саволларга мутасадди ва мутахассислар томонидан батафсил жавоб қайтарилди. 


Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, 
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА