English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Такрорий экин ерга ҳам, деҳқонга ҳам фойда
16:16 / 2022-10-05

Юртимизнинг бетакрор қулай табиий-иқлим шароити еримиздан бир йил давомида бир неча маротаба юқори ҳосил етиштириш имконини беради.

Аҳолининг арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хусусан, полиз экинлари ва сабзавотларга бўлган талабини қондириш мақсадида жойларда етиштирилаётган такрорий экинларнинг аҳамияти беқиёсдир.

Қашқадарё вилояти Китоб туманида ҳам бу борада бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилда туман бўйича жами 1 минг 587 гектар майдонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. Шундан 835 гектар майдонга мош, 51 гектар майдонда сабзи, 29 гектар майдонда карам, 43 гектар майдонда кунгабоқар, 39 гектар майдонда тариқ, 30 гектар майдонда брокколи ҳамда бошқа такрорий экинлар экиб парваришланмоқда. 



Кўчат ва уруғлар ҳамда улар учун зарур минерал ўғитлар Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги кўмагида вилоятдаги “Anzur natural food” хусусий корхонаси томонидан натура шаклида етказиб берилган. Етиштириш жараёнлари туман қишлоқ хўжалиги бўлими ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда. 

Масалан, туманнинг Навбаҳор ҳудудида фаолият юритаётган “Асилбек Абдуназар ўғли” фермер хўжалиги раҳбари Абдуназар Омонов ҳам ғалладан бўшаган майдонга брокколи карами экиб, парваришламоқда.

– Жорий йилда ғалладан бўшаган майдонлардан унумли фойдаланиш мақсадида 2 гектар ерга брокколи карами, 2 гектар мош ва шунча ерга тариқ экдик, – дейди фермер. – Брокколи карами таъминотчи корхоналар билан ҳамкорликда етиштирилмоқда. 10-15 кунда тайёр бўлиб қолади. Ҳосилни теришни бошлаймиз. Энг муҳими харидор ҳам аниқ. 



Ўлмас Баротов, ЎзА.