English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорликни ғиждувонликлардан ўрганиш керак
11:52 / 2023-03-19

Тадбиркор деганда кўз ўнгимизда ҳаракатчан, доим янгилик яратишга интиладиган, бир сўмини икки сўм, бир ходимини икки ходим, битта маҳсулот турини иккита маҳсулот тури қилиш пайида ёниб яшайдиган одам гавдаланади. Йўқдан бор қилиш, кичикни катталаштириш, бир йилда қилинадиган ишни бир-икки ойда бажариш ҳам тадбиркорларга хос хусусият.

Бухоро вилояти Ғиждувон тумани аҳолисини ана шундай тадбиркор, десак муболаға бўлмайди. Ишнинг кўзини биладиган ғиждувонликларнинг тадбиркорлиги, ишбилармон ва уддабуронлигини кўпчилик яхши билади. Шунинг учун бўлса керак, Ғиждувонни доимо одамлар билан гавжум, туну-кун ҳаёт қайнаган “Бомбей”га қиёслашади. Тадбиркор – тижоратчи савдогарлар юрти сифатида тан олинган Ғиждувон тумани моҳир уста ҳунармандлари билан ҳам машҳур.  

Туманда дурадгор, темирчи, мебелсоз, чевар, каштадўз, зардўз, бешиксоз, косиб, кулол, ҳалвогар-қандалотчи, бўйрабоф, кигиздўз, гиламбофлар каби турли ҳунар эгалари кўп.  

–-Маҳалламиз маъмурий жиҳатдан Усто кўча, Аҳмадхон, Кўҳна Оқработ, Дўккала, Бойлар, Ўртаҳовли қишлоқларини ўз ичига олган, – дейди туман марказидан 17 километр узоқликда жойлашган “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳаёт Болтаев.  – Ҳозирда ҳудудда 5 минг 800 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Жорий йилда ҳудудда кам таъминланган ва жуда ночор оилалардан 173 нафар аёлни “Аёллар дафтари” га киритишга доир рўйхатни шакллантирган бўлсак, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари”да 3 нафардан маҳалладошимизни ижтимоий муҳофазага олганмиз. Ҳолбуки, 2022 йил давомида биргина “Ёшлар дафтари”дан ўрин олган 35 нафар йигит-қизни биринчи навбатда ишли қилиб, даромад топишига кўмаклашдик. Бизда айтиш мумкинки, ҳар бир кўчада бир уста ҳунармандни учратасиз. Шу боис, ишсиз ёшларни қўллаб-қувватлашда ана шундай оилалар кўмагига таянамиз.

Ўртаҳовли қишлоғида яшовчи Озода Тешаева олий маълумотли педагог, умумтаълим мактабида ёш авлодга сабоқ беради. Эътиборлиси, унинг тиниб-тинчимаслиги, ўз даврида тикувчи чеварлиги билан туманга танилган онаси Сайёра Тешаеванинг хайрихоҳлиги туфайли тадбиркорликка қўл урган. Ҳозирда ўз ҳовлисида келин-куёвлар сарполари, шунга ўхшаш либосларни бежирим тикиб тайёрлаш цехини очган. Кичик корхонасини Хитойдан келтирилган замонавий услубдаги матога гул солиш – автоматлаштирилган “вишевка” босиш ускунаси билан жиҳозлаган. Тадбиркор маҳаллада қўли тикувчиликка ром бўлган ўттизга яқин аёлни ишга қабул қилган. Уларга 1 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача ойлик маош тайинлаган. Муҳими, қўли остидагиларнинг аксарияти шу кунга қадар ишсиз ва даромадсиз эди. Бугунга келиб кичик корхонада иш қизғин, буюртманинг кети узилмайди. Озода Тешаева эса эндиликда ўзи меҳнат қилаётган 33-сонли умумтаълим мактабида чеварлик тўгарагини ҳам йўлга қўйиб, ёш шогирдларини тайёрламоқда.  

Аҳмадхон қишлоғида истиқомат қилаётган чевар Камола Турдиева кейинги йилларда қишлоқдошлар талабларидан келиб чиқиб ёшларбоп спорт кийим-кечаклари ва спорт сумкалари тикиб чиқаришни йўлга қўйган. Уйида 3 та замонавий тикув машинасини ўрнатиб, қўни-қўшни хотин-қизлардан камида 5 нафарини банд қилмоқда. Албатта, улар фаолияти ва қўлга киритаётган даромади ҳам чакки эмас.  

Усто кўча қишлоғилик Нормурод Отажонов ҳамда унинг амакиваччаси Нусрат Отажоновлар отакасб – темирчилик этагидан маҳкам тутиб, кам бўлмаган. Улар устахоналарида кетмон, белкурак, болта–теша дейсизми, ўроқ ёки пичоқларгача исталган ўлчамда ясаттириб олиш мумкин. Эътиборлиси, бугунга келиб бу усталарнинг ҳар бири 4-5 тадан шогирд тайёрлаган. Албатта, ҳар куни темирчига иши тушиб йўқлаб келаётган буюртмачилар туфайли сангдон овози тинмайди.

Шу қишлоқда темир ёки металл профиллардан енгил конструкцияли стол–стул, болалар краватлари ясашни пухта ўзлаштиргани ортидан устахона очган моҳир пайвандчи Феруз Раҳмоновни ҳозирда бутун маҳалла яхши билади. Ёш уста йигитнинг ўзи қўшни Кўҳна Оқработ қишлоғидан. У металлга шакл бериш ускунасини водий вилоятидан келтириб ўрнатган. Турар жой ва хонадонлар учун тайёрлаб бераётган ўриндиқ ва столлари, болалар краватлари бежирим ва замонавий кўриниши билан ажралиб туради. Муҳими, Феруз Раҳмонов шу ҳунарга қизиқиб келаётган шогирдлари билан бирга ишини ривожлантирмоқда.

Кўҳна Оқработ қишлоғида яшовчи Валижон Раҳмоновнинг касби-кори – бешиксоз уста. Ҳар бир ҳунарманд каби у ҳам ўз ишига меҳр ва алоҳида ижодкорлик билан ёндашишга одатланган. Албатта, у бу ҳунарни эъзозлаб келаётган бешиксозлар оилавий сулоласининг давомчиси. Ўз даврида Валижоннинг отаси Мўмин Раҳмонов ҳам турфа кўринишдаги пишиқ ва бақувват ёғочлардан ясаган бешиклари билан туманга танилган. Шак-шубҳа йўқки, буюртмаларга “кўмилган” ҳам. Бугунга келиб эса нафақат маҳаллада, балки ўнлаб қишлоқ ва ҳатто қўшни туманларда айнан Раҳмоновлар қўлидан чиққан бежирим бешикларни учратиш мумкин. Валижоннинг қўли остида ҳозирда ўндан ортиқ шогирд бу ҳунар сирини ўрганмоқда.

Дарвоқе, кўпсонли аҳолиси нисбатан зич яшаётган Халқобод маҳалласида 75 нафар жажжи ўғил-қизни ўз бағрига олган 55-сонли мактабгача таълим муассасаси, яна бошқа қишлоқларда ҳар бири 20–30 ўринли қувватга эга 6 та уй боғчаси фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг аксариятида болажонлар учун чеварлар қўли билан шу маҳаллада тикиб тайёрлаб берилган юмшоқ ўйинчоқлар, эртак қаҳрамонлари, турли қўғирчоқларни кўриш мумкин. Бу Кўҳна Оқработ қишлоғида яшовчи чевар қиз Санобар Усмонованинг меҳнати ва жонбозлиги самарасидир. Айни кунда Санобар талаба, Бухоро давлат университетида бошланғич синфлар педагогикаси мутахассислиги бўйича таҳсил олмоқда. Бу ижодий ишда тикиш-бичиш билан бирга, унинг расм чизиш, дизайнерлик қобилияти ҳам намоён бўлмоқда. Муҳими, эндиликда Санобар ҳам ўз шогирдларига эга бўлиб бормоқда.

Зариф Комилов, ЎзА