English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлик – ташаббусни талаб этади
13:52 / 2024-06-01

Сирдарё вилоятида Бизнесни ривожлантириш банки (БРБ) томонидан журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб Боёвут тумани “Янги авлод” МФЙда жойлашган Акром Мусулмонқуловнинг “OKEAN BOTTLERS” ичимлик суви ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишди. Ушбу корхона раҳбари Бизнесни ривожлантириш банкидан олинган 100 миллион сўм кредит ҳисобига ичимлик суви ишлаб чиқариш учун керакли ускуна ва жиҳозлар сотиб олган.  

Ҳозирда ушбу ишлаб чиқариш корхонасининг йиллик даромади ўртача 160 миллион сўмни ташкил этмоқда.  Бу ерда 20 дан зиёд киши иш билан таъминланган.  

– Мақсадимиз аҳолини тоза ва сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, – дейди корхона раҳбари А.Мусулмонқулов. – Ускуна ва жиҳозлар Хитой ва Украина давлатидан келтирилган. Корхонада тоза ичимлик сувидан ташқари 18 турга яқин салқин ичимликлар ишлаб чиқарилади. Фильтрланган “OKEAN BOTTLERS” сувининг бошқа сувлардан афзаллиги юқори технологиялар асосида ишлаб чиқарилиши ҳамда 8 хилдан иборат сувни тўйинтирувчи элементлар қўшилганлигидадир.

Тадбир иштирокчилари шунингдек Гулистон шаҳри “Нурафшон” маҳалласидаги  сурайё Ҳакимова хонадонида бўлди. “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази”да ўқиб 100 миллионлик кредитга кўрпа қавиш дастгоҳини сотиб олган тадбиркор 10 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаган. У ўз яшаш манзилида тадбиркорликни йўлга қўйиб, келажакда ўз бизнесини янада кенгайтиришни мақсад қилган.

– Маҳалламизда Сурайё Ҳакимова каби ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган, ҳунармандчилик, касаначилик, ёзги-қишки халатлар ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган    хотин-қизлар кўп. Улар ҳам келгусида ўзининг кичик бизнесини марказда ўқиш орқали кенгайтириш ва кредит олиб юзлаб иш ўринлари яратишни мақсад қилган, – дейди “Нурафшон” маҳалла хотин-қизлар фаоли Мунаввар Нуралиева.  

Тадбир иштирокчиларига кичик бизнесга кўмаклашиш марказида яратилган шароитлар, жумладан, лойиҳаларни танлаб олиш ва тадбиркорликка ўқитиш тартиблари катта таассурот қолдирди.

– Сирдарё вилоятида 1300 дан зиёд ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган фуқаролар ўқитилиб, БРБдан кредит олиб берилди, – дейди марказ раҳбари Жасур Тилаков. – Мақсадимиз ташаббускорларни ўқитиш, молиялаштириш, бозор топиш билан боғлиқ комплекс хизматларни кўрсатиш чора-тадбирларини амалга ошириш.  

[gallery-17659]

Тадбир якунида ОАВ вакилларига “Бизнесни ривожлантириш банки” фаолиятининг устувор йўналишлари ва жорий этилган банк хизматлари ҳақида  батафсил маълумот берилди.  

Ш.Суяров,

Ш.Ортиқбоев, (сурат) ЎзА мухбирлари.