English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорга компенсация пули тўлаб берилди
20:08 / 2024-07-16

Сўнгги йилларда янги иш ўринлари яратиш, элимизнинг фаровон турмушини таъминлашдек эзгу ҳаракатларда тадбиркорларнинг ҳиссаси катта бўлмоқда. Бу борада кичик бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш адлия идоралари фаолиятида устуворлик касб этмоқда.

Жумладан, Наманган вилояти Учқўрғон тумани адлия бўлими томонидан Соҳил маҳалласида яшовчи Шарифжон Раҳмоновнинг тумандаги “Дўстлик” МФЙ ҳудудида жойлашган, кейинчалик бузиб юборилган ошхонаси учун компенсация пуллари тўланмаганлигидан норози бўлиб йўллаган мурожаати ўрганиб чиқилди.

– Тадбиркор ўз мурожаатида, унга тегишли бўлган бино-иншоотлар туман ҳокимлиги томонидан бузиб ташланган, аммо, компенсация маблағлари ажратиб берилмаганини баён қилган, – дейди Учқўрғон туман адлия бўлими бошлиғи Азамат Шамсиддинов. – Мазкур мурожаатни ўрганишда бузилган ошхона учун Учқўрғон тумани ҳокимлиги томонидан мулк эгаси фойдасига 358 миллион 846 минг 593 сўм миқдорида компенсация пули тўлаб берилиши лозимлиги аниқланди.

Шу тариқа туман адлия бўлими томонидан, фуқаро манфаати кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судига даво аризаси киритилиб, қайд этилган маблағни ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори қабул қилишга эришилди.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири