Жиззах вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасида сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва тежаш мақсадида “Сув тизимларини лойиҳалашда шимилиш сарфини камайтириш технологиялари” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Жиззах вилояти ҳокимлиги, МДҲ давлатлари бўйича Буюк Британиянинг “United Concrete Canvas”, Россиянинг “Росдилер” компаниялари вакиллари, пудратчи ҳамда лойиҳачи ташкилотлар, “Сирдарё – Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси (ИТҲБ), “Жиззахсувқурилишинвест” ДМ мутахассислари иштирок этди.
Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари, айниқса, Ўзбекистонда сув танқислиги яққол сезилмоқда. Натижада ҳудудларнинг чўлланиши каби салбий ҳолатлар кузатилаётир. Ушбу экологик хавфни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш, сув ресурсларидан фойдаланишни бошқариш зарурати туғилмоқда. Шунингдек, сув узатиш иншоотлари эскиргани туфайли уларни қуриш ва реконструкция қилиш керак.
Буюк Британиянинг “United Concrete Canvas” компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган сув сарф бўлишининг олдини оладиган ва тежайдиган қурилиш воситалари сув ресурсларини тиклаш, ирригация тизимини модернизация қилишда муҳим аҳамиятга эга.
– Компания томонидан ишлаб чиқарилаётган бетон қопламалар соҳада янгиликдир, – дейди “United Concrete Canvas” компаниясининг Буюк Британиядан келган вакили жаноб Ян Уолтонг. – Бетон қоплама ишлаб чиқариш технологияси янги инновацион материаллар ишлаб чиқариш тоифасига киради. Бетон қопламани каналларга тахлаш тезлиги каналларга бетон қуйиш тезлигидан 10 марта тез. Бу ишни ёмғир ёғаётган пайтда, сув ичида ҳам амалга ошириш мумкин. Ушбу бетон қопламани айтилган жойга ихчам рулон шаклида етказиб бериш мумкин. Шу сабабли, бетон қопламанинг тахлаш (монтаж) ишларига жалб қилинадиган техника ва ускуналар сони кескин камаяди. Бундан ташқари, рулон шаклидаги бетон қопламани қўлда ёйиш мумкин, бу ўз навбатида техника бориши мураккаб бўлган жойларни ҳам бетон қоплама билан таъминлаш имконини беради.
– Ушбу бетон қоплама 50 йил хизмат қилиши мумкин, – дейди “Росдиллер” компанияси таъсисчиси ва бош директори Раҳматилла Қаюмов. – Қоплама кўп қиррали қурилиш материали ҳисобланади ва уни ҳар қандай горизонтал, вертикал сиртга, сатҳга тахлаш мумкин. Айни пайтда, мазкур бетон қоплама, нефтгаз, автомобиль ва темир йўллар қурилишида ва бошқа кўплаб соҳаларда қўлланилмоқда.
– Мазкур маҳсулот 5, 8 ва 13 миллиметр (маркаси мос равишда СС5, СС8 и СС13) қалинликда ишлаб чиқарилади, – дейди МДҲ давлатлари бўйича “United Concrete Canvas” компанияси бош директори жаноб Ильдар Ямалиев. – Ушбу материал катта ва кичкина шаклда ишлаб чиқарилиб, ушбу параметрлар каналнинг узунлиги, эни, чуқурлигига боғлиқдир.
Маълумот учун, ушбу бетон қопламадан фойдаланиладиган қурилиш ишларига ўзбекистонлик ёшлар танлаб олинади. Улар Буюк Британиянинг “United Concrete Canvas” компанияси мутахассислари томонидан ўқитилиб, усталикка тайёрланади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА