
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарёда юртимиз мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда маънавий-маърифий ишлар самараси ва таъсирчанлигини ошириш, аҳоли, аввало, ёшлар қалбида ватанпарварлик, амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтиришда ўзининг фидойилиги, ташаббускорлиги билан муносиб ҳисса қўшиб келаётган “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари ҳамда маънавият фидойиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Айтиш керак, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти Президентимизнинг 2019 йил 3 майдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Республика Маънавият ва маърифат маркази қошида тузилган эди.
[gallery-8613]
“Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг асосий мақсади –мамлакатимизнинг барча аҳоли қатлами орасида миллий маънавиятимизнинг мазмун-моҳиятини таъсирчан усуллар орқали холис, самимий ҳолда тарғибот-ташвиқот қилиш ҳамда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, фармон ва қарорлар, фармойишлар, давлат дастурлари мазмун-моҳиятини аҳолига содда, қалбга яқин усул ва услубларда тушунтиришдан иборат. Жамиятнинг республика миқёсида жами 760 дан зиёд аъзоси мавжуд. Вилоятдаги аъзолар сони 20 нафар бўлиб, улардан фан докторлари, фан номзодлари, доцентлар 9 нафар, диний идора вакиллари 1 нафар, шоир-ёзувчилар 2 нафар, ўқитувчилар 8 нафарни ташкил этади.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ходимлари, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, умумий ўрта таълим мактабларининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари, корхона ва ташкилотларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул ходимлари, туман, шаҳар Маънавият ва маърифат бўлинмалари ходимлари иштирок этди.
Вилоятнинг маънавий-маърифий соҳасини юксалтиришда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган бир гуруҳ соҳа вакиллари вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА