English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Стратегик мақсад ва вазифалар очиб берилди
15:23 / 2023-09-26

Ҳозирги замонда глобал миқёсда шиддатли ўзгаришлар юз бериб, халқаро майдонда кучларнинг янги нисбати шаклланмоқда, дунё давлатлари юзага келаётган муаммоларга муносиб ечим топиш, сиёсий ва иқтисодий стратегияларни янгилашга интилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сесиясидаги нутқида бу жараённи таърифлаб, стратегик мақсад ва вазифалар доирасида аниқ ва ҳаққоний иборалар билан халқаро муносабатлар тизимидаги фундаментал ўзгаришларга баҳо берди:

“...Жаҳон миқёсида ишонч инқирози кузатилмоқда. Глобал хавфсизлик институтлари фаолиятидаги муаммолар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш кучаймоқда. Буларнинг барчаси кенг кўламдаги кескинлик ортишига сабаб бўлмоқда. Геосиёсий қарама-қаршиликлар туфайли савдо, инвестиция ва инновация соҳаларида эркин алмашиш йўлида янги тўсиқлар вужудга келмоқда”.

Мамлакатимиз раҳбари, шунингдек “…бундай мураккаб шароитда амалий ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда мамлакатларни жипслаштириш ғояси ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бормоқда” дея қайд этди.

Давлатимиз етакчиси нутқида тилга олинган стратегик мақсад ва вазифалар биринчи навбатда яхши қўшничилик, ҳамкорлик ва янада очиқлик йўлида жадал ривожланаётган Марказий Осиё минтақасига тегишли.

Ўзбекистон ва минтақа давлатларининг бутун дунё учун очиқлиги сиёсати, Марказий Осиё хавфсизлиги, барқарор ва тинч тараққиёти минтақа халқларининг бирлашиши ва фаровонлигини таъминлашнинг асосий шартига айланмоқда.

“Марказий Осиёни тинч, гуллаб-яшнаётган ҳудудга айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатида бундан буён ҳам устувор мақсад бўлиб қолади”, – дея қайд этди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз ўз нутқида экстремизм тарқалишининг олдини олиш, халқаро терроризм ва ёшлар радикаллашувига қарши курашиш муаммоларига эътибор қаратиб, қўшни Афғонистондаги вазиятга тўхталиб, нафақат Бош ассамблея иштирокчилари, балки дунё эксперт ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотган қатор салмоқли ташаббусларни илгари сурди.

“Мустаҳкам тинчлик ва фаровонликка фақат умумий интилиш, биргаликдаги ҳаракат билан эришиш мумкин. Бизга ўзаро ишонч, бирдамлик ва ҳамкорлик руҳи ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зарур”, дея таъкидлади.

Ўзбекистон Президентининг нутқи етакчи халқаро экспертлар, сиёсий арбоблар даврасида жиддий қизиқиш уйғотди.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош ассамблеяси 78-сессиясида билдирган ташаббус ва таклифлар Ташқи ишлар вазирлиги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Дипломатик академия фаолиятида ёш авлод дипломат кадрларини юқори касбий малака, чуқур билим ва таҳлилий кўникма руҳида тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.

А.Ҳошимов,

ЖИДУ ҳузуридаги

Дипломатик академия

кафедра мудири