
Ўзбекистоннинг энг улуғ, энг азиз байрами – Мустақиллик айёми кунларида давлатимизнинг эътибори ва қўллаб-қувватлаши билан спортимиз фахрийларига юксак эҳтиром кўрсатиш анъана тусини олмоқда.
Ушбу эзгу ташаббус бу йил ҳам давом эттирилиб, умрининг катта қисмини ўзбек спортининг ривожига бағишлаган фахрийларимизга пул мукофотлари топширилди.
Миллий Олимпия қўмитасида ўтган тадбирда Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Абдулла Аслонов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, шунингдек, мамлакат спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов иштирокида бир гуруҳ фахрийларга эҳтиром кўрсатилди.
Тадбирда сўз олганлар амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Янги Ўзбекистон қиёфаси, мазмун-моҳияти нафақат бунёд этилаётган мажмуалар, ишга туширилаётган янги инфратузилмаларда, балки ҳар бир инсоннинг оддий турмуш тарзида, уларнинг қалб-қўрида ҳам юз бераётганлигини алоҳида таъкидлашди.
Қизиқарли мулоқот ва хотираларга бой кечган тадбир давомида 42 нафар фахрийга Спортни ривожлантириш вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитасининг байрам совғалари топширилди.
Якунда фидойиларимиз уларга кўрсатилаётган эътибордан мамнун эканликларини изҳор қилишди.
Т. Рўзиев, ЎзА