Сирдарё вилоятида янги иссиқлик электр станцияси ишга тушди

Ховос туманида Туркиянинг “Cengiz Enerji” компанияси томонидан қурилган, қуввати 220 МВт бўлган янги газ-поршенли иссиқлик электр станцияси 20 ноябрдан бошлаб Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига қувват узатишни бошлади.

Мазкур электр станция йилига 1,7 миллиар кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Станцияда ўрнатилган қурилмаларнинг фойдали иш коэффициенти юқорилиги ҳисобига йилига 150 миллион метр куб табиий газ тежалади. Тежалган табиий газ билан қўшимча 685 миллион кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкони яратилади. Аҳамиятлиси, станция қурилиши давомида 700 нафаргача, ишга тушгандан кейин эса 100 нафар янги иш ўрни яратилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 март куни Ўзбекистон ва Туркия Президентлари томонидан мазкур электр станция қурилишига старт берилган эди.
Ш. Суяров, ЎзА.