
Бугун “Middle East Business” компанияси вице-президенти Шаҳзод Насим бошчилигидаги Сингапур ишбилармонлар делегацияси Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умрзоқов билан учрашди.
Ҳоким меҳмонларни самимий қарши олиб, бундай нуфузли делегация билан мулоқот қилиш у учун катта шараф эканини таъкидлади.
Шунингдек, мамлакатимиздаги қулай сармоявий муҳит тўғрисида маълумот берилди ва пойтахтимиздаги лойиҳаларни амалга оширишда Сингапур компаниялари фаол иштирок этаётгани қайд этилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлар қаторида янада кўпроқ нуфузли компанияларни кўришдан хурсанд бўлишини айтди.
Шаҳзод Насим учрашув учун миннатдорлик билдириб, Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқубнинг расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон - Сингапур бизнес форуми икки давлат ўзаро ишбилармонлик мулоқоти учун самарали платформа бўлганини мамнуният билан таъкидлади.
Шундан сўнг Сингапур делегацияси аъзолари ўзлари вакиллик қилаётган компаниялар фаолияти ҳақида қисқача маълумот берди ҳамда инфратузилма лойиҳалари, таълим, тиббиёт, молиявий менежмент, бизнес тўловлар, электрон тижорат, логистика ва ҳоказолар бўйича таклифларни ўртага ташлади.
Учрашув якунида томонлар амалий мулоқот ва ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Б.Худойбердиев, ЎзА