English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сифатли тиббий хизмат — соғлом ҳаёт омили
15:04 / 2022-10-04

Бухорода суғурта тизими механизмларини жорий этиш, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан вилоятдаги учта тиббиёт муассасаси билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Тадбирга туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, кўп тармоқли марказий, оилавий поликлиникалар, Оилавий шифокор пунктлари мудирлари ҳамда вилоят даволаш профилактика муассасалари раҳбарлари ZOOM (платформаси) орқали қатнашди.

Таъкидланишича, ўтган давр мобайнида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси бюджет маблағлари ҳисобидан Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий, Бухоро вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида жами 455 нафар беморларда юқори технологик операциялар ўтказилган, тиббий хизмат кўрсатилган.

Шартномага мувофиқ ажратилган маблағлар тиббиёт муассасалари томонидан Президентимизнинг 2003 йил 26 февралдаги фармони 2-иловаси билан тасдиқланган имтиёзли тоифадаги шахсларни ҳамда Адлия вазирлигида 2022 йил 9 февралда 3348-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволанадиган касалликларни даволашда мақсадли ишлатилиши ва барча беморлар тўғрисидаги маълумотлар IT-MED дастурида (https://mis.ssv.uz/) электрон навбат орқали QR-кодли йўлланмалар асосида қабул қилиниши йўлга қўйилган.

Замон талабларидан келиб чиқиб вилоятда мавжуд барча тиббиёт муассасалари тўлиқ оптик толали интернет тармоғига уланганлиги ва ҳозирда Бухоро шаҳридаги 11 та оилавий поликлиникаларнинг барчаси ҳамда Когон шаҳар, Вобкент, Қоракўл, Ғиждувон туманлари тиббиёт бирлашмалари ва уларнинг оилавий поликлиникаларида электрон навбат тизими, (Teсhnomed) “Электрон поликлиника” (poliklinika.ssv.uz) тизими билан интеграциялаш ишлари давом этмоқда.

– Тузилган шартномаларга асосан имтиёзли тоифага кирувчи беморларда 2 миллиард 800 миллион сўм Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси бюджет маблағлари ҳисобидан юқори технологик тиббий хизматлар кўрсатиш ишлари бошлаб юборилган, – дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Бухоро вилояти ҳудудий бош мутахассиси Зафар Шарипов. – Аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиш, улар соғлиғи билан боғлиқ муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда аҳолига кафолатланган тиббий хизмат кўрсатиш бўйича қатор тизимли ишлар олиб борилмоқда. Вилоят аҳолисининг саломатлик ҳолати ҳамда касалланиш кўрсаткичларини аниқлаш мақсадида 873 та “Тиббиёт бригадалари” ташкил қилинди. Бригадаларга 928 нафар оилавий шифокор ва 2 минг 835 нафар ўрта тиббиёт ходимлари жалб қилинди. Ҳар бир тиббиёт бригадаларига 0,5 ҳисса доя ставкасини ажратиш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ажратилган 2,3 миллиард сўм маблағ ҳисобига барча зарурий мобил диагностика воситалари билан таъминланди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан тузилган шартномаларга мувофиқ имтиёзли тоифадаги шахсларга базавий нархлар доирасида тиббий хизмат кўрсатаётган Бухоро вилояти тиббиёт муассасаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ва истиқболлари борасида музокаралар ҳамда тарғибот ва ташвиқот ишлари режа – дастурга мувофиқ амалга оширилмоқда.

Шаҳар ва туман кўп тармоқли марказий поликлиникалари ҳамда оилавий поликлиникаларда 94 та шифокор олди кўриги хоналари ташкил этилиб, зарур тиббий ускуналар билан таъминланди. Туманлар марказидан олис ва чекка ҳудудларда маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш мақсадида 120 дона контейнерлар олиб келинди ва аксарият туманларда (73 та локацияда) ўрнатилиб ишга туширилди.

 

Зариф Комилов, ЎзА