English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шўр ювиш тадбирларида сув исрофгарчилигига йўл қўйиш ҳолатлари кузатилган
17:53 / 2023-03-25

Республикамизда суғориладиган ерларнинг учдан икки қисми табиий шўрланишга мойил ерлардир. Чунки бундай ерларда минераллашган сизот сувлари ер юзасига яқин жойлашган бўлиб, улар доимо буғланишга сарфланади ва оқибатда тузлар ер юзасида тўпланиб қолади. Шу боис ҳар йили шўрланган ерларнинг шўрини ювиш зарур агромелиоратив тадбирлардан бири ҳисобланади.

Мутахассисларнинг қайд этишича, шўр ювишдан асосий мақсад, қишлоқ хўжалиги экинларининг ўсиши, ривожланиши ва мўл ҳосил бериши учун зарарли бўлган ортиқча тузларни тупроқдан ювиб ташлаш ва сизот сувларининг минераллашганлигини камайтиришдан иборат.

«Ўзагроинспекция» ахборот хизмати раҳбари Холида Шодиева томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумида жами 671,3 минг гектар майдонда шўр ювиш ишларини амалга ошириш белгиланган. Мазкур ерларнинг 355,3 минг гектари кучсиз шўрланган, 249,6 минг гектари ўртача шўрланган ва 66,4 минг гектари кучли шўрланган майдонлар ҳисобланди.

Республика бўйича ҳудудларда кучли ва ўрта шўрланган майдонларда икки ва уч мартадан шўр ювилиши ҳисобига мавсумда жами 845,4 минг гектар (шундан, 523,2 минг гектар чигит экиладиган) майдонда шўр ювиш ишлари амалга оширилди.

Жойларда аксарият фермер хўжаликлари, кластер корхоналари ва бошқа сув истеъмолчилари томонидан шўр ювиш ишлари илмий асосланган тавсиялар бўйича мақбул муддатларда ҳамда шўр ювиш нормаларига риоя қилган ҳолда амалга оширилди.

Шу билан биргаликда, айрим агрокластерлар, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювишда агротехник қоидалар ва муддатлар қўпол равишда бузилиб, сув исрофгарчилигига йўл қўйиш ҳолатлари ҳам кузатилди.

Хусусан, Инспекция томонидан жойларда «Ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларида агротехник қоидаларга, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига қатъий риоя этилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатил»ган. Ўтказилган назорат тадбирларида, шўр ювишга сифатсиз ер тайёрлаш, шартномасиз, рухсатсиз сув олиш, шўр ювиш нормаларига амал қилинмасдан полларга меъёридан ортиқча сув тараш, етарли даражада сувчиларни жалб этмасдан далада сувни қаровсиз қолдириш, ажратилган сувни коллектор-дренаж тармоғига ташлаб қўйиш каби юздан ортиқ ҳолатлар аниқланиб, жойида бартараф этилди.

Шунингдек, йўл қўйилган камчиликлардан келиб чиқиб, агрокластерлар, фермер хўжаликлари ва бошқа сув истеъмолчилари учун мавсум давомида «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини ташкил этиш тартиби тўғрисида» ўқув амалий семинарлар ўтказилиб келинди. Инспекция томонидан 2023 йилнинг суғориш мавсумида ҳам сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига қатъий риоя этилиши устидан назорат таъминланади.

ЎзА