
Фарғона вилоятида “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” бош ғояси асосида байрам тадбирлари бошланди.
Фарғона туманининг сўлим Шоҳимардон қишлоғида ўтказилган халқ сайллари катта шодиёнага айланди. Жонажон Ўзбекистонимизда оллоҳ назар қилган масканлар жуда кўп. Уларнинг ичида Шоҳимардон ўзининг таровати, пурвиқор тоғлари, сўлим табиати, зилол сойлари, тоза ҳавоси билан барчани ўзига мафтун этади.
Маҳаллий аҳоли Шаланг, Хужан ва Қизил тоғ деб атайдиган тоғларга боқиб, тоза ҳавосидан тўйиб нафас олишнинг, Кўксой ва Оқсойнинг сувларидан баҳраманд бўлишнинг гашти бўлакча. Айниқса, бу ерга келган юртдошларимиз азиз қадамжоларни зиёрат қилиб, руҳан таскин топади, маънан қувват олади. Ҳазрат Али зиёратгоҳи доимо меҳмонлар билан гавжумлиги ҳам буни яққол кўрсатиб турибди. “Шоҳимардон” ва “Ёрдон” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси учун ташкил этилган байрам шодиёналари барчага шодумонлик улашди. Миллий удумга кўра, дастлаб “Ҳазрат Али” зиёратгоҳида далаларда бошланган деҳқончилик юмушлари баракали, ҳосиллар мўл бўлиши ҳамда тинч-осойишта, фаровон ҳаёт бардавом бўлиши учун эзгу дуолар қилинди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида зиёратгоҳ ҳудудига кўчат экилди. Ниҳоллар кўкка бўй чўзиши учун яхши ниятлар билдирилди.
[gallery-10952]
Шоҳимардон марказидаги истироҳат боғида бўлиб ўтган оммавий байрам сайлида дошқозонларда ош дамланиб, Наврўз дастурхонининг шоҳ таоми – сумалак тортилди. Шоҳимардон ва ёрдонликлар файзли дастурхон атрофида, бир пиёла чой устида байрам шукуҳидан баҳраманд бўлишди. Пурвиқор тоғлар бағрида қуёш ажиб жилва қилиб, қишлоқнинг сўлим ва хушманзара табиати дилларга баҳорий кайфият улашди. Нуронийлар бундай эътибор ва ғамхўрликлар учун давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчиликларини изҳор этди.
Наврўз сайли давомида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди, аҳолининг доимий бандлигини таъминлаш мақсадида “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” рўйхатида турган 20 нафарга яқин хотин-қизларга тикув машиналари тақдим этилди. Хоразм вилоятига саёҳат қилишлари учун 30 нафар хотин-қизларга бепул йўлланмалар берилди. Эҳтиёжманд оила фарзандларининг даволаниш харажатлари тўловлари, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг шартнома пулларини тўлаб бериш ҳамда имтиёзли кредитлар учун сертификатлар тақдим этилди. Ҳудуд ёшлари бўш вақтини мазмунли ўтказишлари учун мактабларга мусиқа чолғу асбоблари, спорт жиҳозлари, китоблар тўплами топширилди.
Баҳорий таомлар кўргазмаси, ҳунармандлар маҳсулотлари намойиш этилди. Белбоғли кураш спорт тури бўйича вилоят очиқ биринчилиги баҳслари қизғин кечди. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров аҳоли билан суҳбатлашди. Шоҳимардон ва Ёрдон маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари билан ўтказилган мулоқотларда уларнинг таклифлари, мавжуд муаммолар ечими бўйича фикр алмашилди. Ҳудудни ривожлантириш ҳамда ободонлаштириш ишлари юзасидан манзилли дастурлар ишлаб чиқиш режаси хусусида сўз юритилди. Шоҳимардоннинг табиий шароити туфайли йилнинг тўрт фаслида ҳам сайёҳларни жалб этиш имконияти борлиги алоҳида таъкидланиб, эндиликда ушбу йўналишда фаолият кўрсатувчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш тизимли ташкил этилиши маълум қилинди. Эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришда жорий йил “Шоҳимардон йили” бўлиши кераклиги устувор вазифа сифатида белгиланди.
Наврўз айёмида элимиз ардоғидаги санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди. Тўкин дастурхон тузалиб, байрам қатнашчиларига ош тортилди.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров олган сурат