
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ташаббуси билан мазкур муассаса ва вилоят онкология шифохонасида даволанаётган болажонлар учун "Рамазон туҳфалари" акцияси тадбирлари ташкил этилди.
Дастлаб вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Тешаев 50 га яқин болажонларга тиббиёт ходимлари томонидан тайёрланган байрам совғалари - эртак китоблар ва ўйинчоқларни топширди.
[gallery-6907]
Болажонлар томонидан ўқилган шеърлар даврага файз улашди. Вилоят қўғирчоқ театри жамоасининг қизиқарли томошалари ҳам болаларни жуда қувонтирди.
- Шифокор ва ҳамшира ака-опаларимга минг раҳмат! - дейди тадбир иштирокчиси Настарин Жамилова. - Ҳам бизни даволашаяпти, ҳам мана шундай чиройли байрамларни қилиб беришаяпти. Совғалар олдик, мириқиб томошалар кўрдик. Бугун жуда қувончли кун бўлди.
Шифокорлар акция ниҳоясида болаларни байрам дастурхонига таклиф этишди.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат),ЎзА