
Энг катта бойлигимиз бу халқимиз саломатлигидир. Мамлакатимиз тиббиёт тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳам аҳоли саломатлини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашга қаратилган. Буни Қашқадарё вилоятидаги тиббиёт муассасалари фаолияти мисолида кўриш мумкин.
– Аввало таъкидлашимиз керакки, якунланаётган 2022 йил соғлиқни сақлаш тизими учун жуда масъулиятли, синовлар йили бўлди, – дейди Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Тешаев. – Сабаби соғлиқни сақлаш тизими давлат ва халқ ўртасида кўприк бўлиб, аҳоли тизимдаги ўзгаришларга қараб давлатнинг фаолиятига баҳо бермоқда. Айнан бугунги кундаги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон қадри учун!” шиори остидаги ўзгаришлар тиббиётдан бошланганини алоҳида таъкидлаш зарур. 2022 йилнинг 18 март куни биз тиббиёт ходимлари учун улкан тарихий сана бўлиб қолади. Шу куни Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда йиллар давомида ўз ечимини кутиб турган кўплаб муаммоларга жавоб топилди. Энг асосийси, тиббиёт ходимларига қатор имтиёз ва қулайликлар яратилди, шу билан бирга уларнинг зиммасига халқимизни рози қилиб, меҳнат қилишлари борасида катта масъулият юкланди.
Бугун давр ўзгармоқда, талаблар янгиланмоқда, жаҳонда тиббиёт жуда илгарилаб кетмоқда. Биз ўзимизни, онгу шууримизни, ўз ишимизга бўлган муносабатимизни шу жараёнларга мос равишда ўзгартириб боришга ҳаракат қилишимиз зарур. Президентимиз мулоқотдаги маърузасида тизимдаги бир қатор “касаллик” ларимизнинг аниқ ташхиси ва “даво”сини белгилаб берди. Таъбир жоиз бўлса, маърузадаги йўналишлар бизнинг кўзимизни очди. Эндиликда аниқ механизм асосида тизимли ишлаш имконига эга бўлдик. Президентимиз маърузасида тизимдаги барча муаммолар тизимлаштирилиб, 7 та муҳим йўналиш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди. Ҳар бир банд бўйича аниқ молиявий манбалар, техник ечимлар ва амалий механизмлар белгиланди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 24 мартдаги фармойиши билан тасдиқланган “Йўл харитаси” асосида ишни қандай ташкил этиш бўйича аниқ йўналиш белгилаб берилди. Бу “Йўл харитаси” шу кунларда тизимда асосий дастуриламалга айланди.
“Йўл харитаси” ижросини энг аввало пилот ҳудудлар сифатида Чироқчи тумани ва Қарши шаҳри, сўнг бутун Қашқадарё вилояти миқёсида намуна сифатида кўрсатиш кўзда тутилди. Шу мақсадда апрель ойидан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазири раҳбарлигида вазирлик мутасаддилари ҳамда республиканинг барча ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари вакилларидан иборат 150 кишидан ортиқ гуруҳ бевосита амалий ёрдам учун вилоятга келиб жуда кенг миқёсдаги соғломлаштириш акцияси ташкил этилди. Акция доирасида Чироқчи тумани марказида ва янги ташкил этилаётган Кўкдала тумани ҳудудида тиббий кўриклар ҳамда вазирнинг “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” шиори остидаги сайёр қабуллари ҳам ўтказилди. Якунланаётган йилда тиббиёт тизимига қаратилган бир қатор Президент фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари қабул қилингани барчамизни қувонтиради. Хусусан, тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш, аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини, эндокринология, кардиология, онкология, қон билан ишлаш сингари хизматларини такомиллаштириш борасидаги қарорлар ижроси доирасида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айни пайтда Қашқадарё вилоятида 299 та давлат, 622 та хусусий тиббиёт муассасаси фаолият кўрсатмоқда. 2022 йилда Инвестиция давлат дастури доирасида 9 та, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида 10 та тиббиёт муассасаси фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, вилоятнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан 2019 йил қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланиб, якунланмай қолган 10 та объектда 7 миллиард 200 миллион сўмлик бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда. Хусусан, энг йирик тиббиёт муассасалари ҳақида тўхталадиган бўлсак, Кўкдалада тиббиёт бирлашмаси ва кўп тармоқли марказий поликлиника биноси қурилмоқда. Косон тумани тиббиёт бирлашмаси биноси тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда суд-тиббий экспертиза вилоят филиаллари, вилоят ОИТС маркази, Шаҳрисабз тумани болалар шифохонасида кенг миқёсдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
2022 йилда 2 та оилавий поликлиника, 8 та оилавий шифокор пункти фаолияти қайта тикланди. 3 та ҳудудда – Шаҳрисабз шаҳри, Ғузор ва Касби туманларида туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон томир касалликлари маркази фаолияти йўлга қўйилди. Улар энг замонавий тиббий ускуналар билан таъминланди. Хусусан, бу марказларда иш бошлаган гемодиализ бўлимлари беморлар учун катта қулайлик яратди. Янги очилган Кўкдала туманида ҳам худди шундай 4-муассаса туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон томир касалликлари марказини очиш мўлжалланмоқда. Айни пайтда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида “Она ва бола” кластери фаолиятини йўлга қўйиш бўйича иш олиб борилмоқда. Мазкур кластер болалар кўп тармоқли тиббиёт марказидан ташқари перинатал марказ, туғуруқ комплекси, скрининг маркази, репродуктив саломатлик маркази, болалар онкогемотологияси, болалар кардиохирургияси, кардиореанимация бўлимларидан иборат бўлиши кўзда тутилмоқда. Аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишда “бир қадам” тамойилида янги механизмни жорий этилмоқда.
[gallery-10108]
Ўрганишлар ва аҳоли таклифларини инобатга олиб 95 та олис ва чекка ҳудудда контейнер шаклидаги маҳалла тиббий пунктларини ташкил этилди. Натижада қишлоқ аҳолисига бирламчи тиббий-санитария хизмати кўрсатиш сифати яхшиланади. Соҳада рақамлаштиришга катта эътибор қаратилаётгани тиббиёт ходимлари ва беморлар учун катта имкониятлар яратмоқда. Тизимдаги 222 та муассасага оптик толали кабель киритилган ва юқори тезликдаги интернет билан таъминланган. Тизим ходимлари компьютер саводхонлиги бўйича IT-марказларда ўқитилмоқда. Тиббиёт муассасаларида босқичма-босқич “Электрон поликлиника”, “Электрон ҳужжат алмашинуви” тизимлари йўлга қўйилмоқда. Республика ихтисослаштирилган радиология ва онкология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган эндокринология вилоят филиаллари сингари бир қатор муассасаларда “Электрон шифохона” тармоғи ишлаётгани беморларимиз учун катта қулайликлар яратди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги вилоят даволаш профилактика муассасаларида, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида фаолият кўрсатиб келаётган шифокорлар сони 5069 нафарни (ҳар 10 000 аҳолига нисбатан 27,7 фоиз) ташкил этар эди. Улар сафига тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларининг 6-курс, магистратура ва клиник ординатура талабалари ҳисобидан жами 273 нафар ёш мутахассис ишга қабул қилингани бизни жуда қувонтиради. “Қишлоқ шифокори” дастури асосида олис ва чекка ҳудудлар 11 нафар олий маълумотли шифокор билан таъминланди. Уларнинг ҳар бирига 30 миллион сўмдан рағбат пули тўлаб берилди.
Олис ҳудудларда шифокорлар учун 7 та хизмат уйи ташкил этилди. Вилоятимизда жами 37 нафар врач Россия, Туркия. Жанубий Корея, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари сингари хорижий мамлакатлар клиникаларида малака ошириб қайтди. Бугун тизимнинг раҳбар кадрлар таркиби ёшариб бораётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Биргина жорий йилнинг ўзида кўплаб йирик муассасалар ва тиббиёт бирлашмаларига ёш мутахассислар раҳбар этиб тайинланди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан махсус жиҳозланган мобиль поликлиника имкониятлари орқали вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманидаги олис ҳудудда малакали мутахассислар иштирокида “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” шиори остида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилди. Ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни аҳолига янада яқинлаштириш чоралари кўрилмоқда. Бу мақсадда 4 та давлат тиббиёт муассасаси – вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиаллари томонидан давлат тиббий суғурта жамғармаси билан 3 миллиард сўм га шартнома тузилди.
Бу йўналишда 2 та хусусий тиббиёт муассасаси – “Доктор Бобоев” ва “Шифо-нур” хусусий клиникаларида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда, хусусан, юқори технологияли операциялар ўтказилмоқда. Инсон қадрини улуғлаш, тиббиёт соҳасини халққа янада яқинлаштириш мақсадида жойлардаги тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати муассасалари фаолиятини чуқур ўрганиб чиқиб, мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган вилоятда тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш ҳудудий дастури бўйича йўл харитасини белгилаб олдик. Асосий қисми келгуси йилда бажарилиши мўлжалланган мазкур дастур ижроси учун маҳаллий бюджетдан жами 26,6 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда. Мазкур дастур доирасида хусусан қуйидаги тадбирлар амалга оширилади. Қарши шаҳар тез тиббий ёрдам маркази негизида Республика тез тиббий ёрдам маркази Қашқадарё ҳудудий филиали жойлаштирилади. Бу ерда таъмирлаш-реконструкция, қўшимча бинолар қуриш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Филиал замонавий талаблар асосида жиҳозланади, ягона “Call-марказ” ва ситуацион мувофиқлаштирувчи бўлим фаолияти йўлга қўйилади.
Тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари ва махсус автотранспорт воситалари (эҳтиёт қисмлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва бошқалар), дори ва сарфлаш материаллари, тиббий жиҳозлар билан таъминлаш мазкур филиалга ўтказилади. Филиалда Тошкент шаҳар тажрибаси асосида электрон бошқарув тизими жорий этилади. Ҳар бир тиббий бригада планшетлар ва уларнинг захиралари билан таъминланади. Шунингдек, мазкур дастур асосида вилоятда тоғли ҳудудлар ҳисобланган Деҳқонобод, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Яккабоғ туманлари учун тез тиббий ёрдам хизматида санитар авиация шаклида тиббий хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилиши режалаштирилган. Вилоятда тиббиётнинг хусусий секторида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Янги йилда тизимда кўзда тутилаётган энг катта янгиликлардан яна бири – Қарши давлат университетининг Тиббиёт факультети негизида Қарши тиббиёт институтини ташкил этиш хусусида иш олиб борилмоқда. Сўзимнинг якунида ўз ҳамкасбларимга ва халқимизга мурожаат қилмоқчиман. Қадрли шифокорлар, ҳамширалар, орастабонлар, барча йўналишдаги тиббиёт ходимлари. Халқимизнинг ишончу ихлосини қозониш осон иш эмас, бу жуда катта меҳнат, ҳаракат, изланиш ва фидокорликни талаб этади. Бу йўлда керак бўлса, ҳаловату фароғатдан кечиш, кунни тунга улаб астойдил ишлаш талаб этилади. Айниқса, кейинги йилларда пандемия синовларида бунга ўзингиз қайта-қайта амин бўлдингиз. Ҳақиқий эъзоз ва эҳтиром, эл олқиши ва дуоси мана шундан кейин келади. Ишонинг, тиббиёт ходими учун бундан улуғроқ бахт йўқ. Бунинг учун астойдил жон куйдиришимиз зарур. Президентимиз “Шифокорнинг нафақат устидаги халати, энг аввало, кўнгли ҳам, қўли ҳам пок бўлиши лозим”, деб уқтирди. Қолаверса, шифокор фарзанди эканлигидан ғурурланишини алоҳида таъкидлади. Мана шу ишончга муносиб бўлайлик!
“Инсон қадрини улуғлаш ва шифокор меҳнатини қадрлаш” тамойили асосида тизимга берилаётган эътиборга ҳалол меҳнатимиз билан муносиб жавоб қайтарайлик.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.