
Бухорода Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги, Спортни ривожлантириш вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ҳамкорлигида 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида футбол ва мини-футбол бўйича ДХХ раиси кубоги мусобақаларининг шаҳар, туман босқичлари ўтказилмоқда.
Мусобақанинг шаҳар ва туман босқичлари жорий йилнинг 5 апрелдан 15 апрелга қадар ўтказилади. Вилоятдаги 544 та МФЙдаги 18-30 ёш оралиғидаги ёшлардан иборат 544 та жамоа 107 та гуруҳга бўлиниб, 67 та майдонда туп суради.
Бухоро шаҳридаги “Умид” спорт мажмуасида шаҳардаги 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси ДХХ кубоги учун спортнинг футбол турлари бўйича Бухоро шаҳар финал беллашувлари бўлиб ўтди.
Финал мусобақасида шаҳардаги Шайхул-олам ва Отбозор маҳалласи ёшлари ўзаро баҳслашди. Қизғин ва муросасиз кечган беллашувда Шайхул-олам маҳалласи ўйинчиларини қўли баланд келиб, Отбозор маҳалласи ёшларини 4:2 ҳисобда мағлуб этди. Кетма-кет қилинган ҳужумлар, муносиб ҳимоя ўйинни янада қизиқарли ўтишига замин яратди.
Мусобақа уюшмаган, кам таъминланган ва айни пайтда ишсиз ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни, шунингдек, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишига, хусусан, спортнинг мини-футбол ва футбол турларини ёшлар орасида оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни эрта аниқлаш мақсадида ўтказилмоқда.
Мусобақаларнинг биринчи босқичи жорий йилнинг апрель-май, иккинчи босқичи июнь-июль ойларида ҳамда учинчи финал босқичи август ойида ўтказилиши режалаштирилган.
[gallery-6645]
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (ЎзА) сурат, ЎзА