Будапештда давом этаётган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг қизиқарли ўйинларга бой бўлган 6 та тури ортда қолган бўлсада, ғолибликка айнан қайси жамоалар жуда яқинлиги ҳақида аниқ фикр билдириш қийин.
Аммо кеча ўтган 6-тур учрашувлари натижасига кўра, эркаклар жамоалари орасида 12 очкога эгаликни қўлга киритган Ҳиндистон, 11 очко жамғара олган Вьетнам, Хитой, Эрон ва 10 очколи бўлган 10 та миллий терма жамоалар олимпиаданинг олтин медалларига эгаликка асосий номзодлар дейиш мумкин. Улар орасида 10 очко билан 5-ўринда бораётган Ўзбекистон шахматчилари ҳам борлиги эътиборлидир.
Бевосита кечаги ўйинларга тўхталадиган бўлсак, Ҳиндистон Венгрияни 3:1 ҳисобида енгиб, олтин медаль учун курашни давом эттираётган бир фурсатда олимпиада кашфиёти бўлган Вьетнам терма жамоаси Хитой билан дурангга эришди ва 2-ўринга кўтарилиб олди. Эронлик шахматчиларнинг Магнус Карлсен етакчилигидаги Норвегия жамоасини мағлуб этиши, Литва Озарбайжонни, Украина Черногорияни, Франция Исландияни, Сербия Чилини, Арманистон Филиппинни доғда қолдириши, АҚШнинг дурангга эришиши, Озарбайжоннинг Литвадан мағлуб бўлиши кутилаётган тур ўйинларидаги баҳслар янада шиддатли кечишидан далолат бермоқда.
Бугун, 17 сентябрь шахмат олимпиадаси дастурига кўра, жамоалар учун дам олиш куни сифатида белгиланган. Икки юзга яқин миллий терма жамоалар қатнашаётган мусобақанинг эртага ўтказиладиган 7-турида Ҳиндистон – Хитой, Литва – Венгрия, Эрон – Вьетнам, Сербия – Нидерландия, Арманистон – Англия жамоалари ўртасидаги ўйин қаторида Ўзбекистон – Украина «дуэли»ни турнинг марказий учрашувлари сифатида талқин этиш мумкин.
Айтиш лозим, украиналик шахматчилар ҳам ҳамюртларимиз сингари ўтказилган 6 та тур ўйинларида 5 марта ғалабага эришган бўлса, 1 марта мағлубиятга учраган. Украина жамоаси 1-турда Тунис терма жамоасини 4:0, 2-турда Уругвайни 3,5:0,5, 3-турда Австралияни 2,5:1,5, 4-турда анча кучли ҳисобланган АҚШни 2,5:1,5 ҳисобида енгишга муваффақ бўлган. 5-турда Венгрияга 1,5:2,5 ҳисобида ютқазган украиналиклар кеча якунланган 6-турда Черногорияни 2,5:1,5 ҳисобида таслим этди.
Аёллар ўртасидаги мусобақада Ҳиндистон ўз мухлисларини хурсанд қилишда давом этмоқда. Кеча ўтган 6-турда ҳиндлар Арманистон устидан ишончли ғалабага эришди. Хитой мағлубиятга учратган Польша ва Мўғулистон устидан кичик ҳисобда ғалаба қозонган Грузия 11 очко билан кучлилар қаторида бормоқда. Ортда қолган мусобақалар сарҳисобига биноан 9 та жамоа 10, 9 та жамоа эса 9 очкога эга бўлиб турибди.
Мамлакатимиз шахматчи қизлари 9 очко билан 184 та терма жамоалар орасида 16-ўринда бормоқда. Қизларимиз илк турда Гаити давлати шахматчиларини 4:0, 2-турда Анголани 3:1, 3-турда Венгрия терма жамоасини 2,5:1,5, 4-турда таркибида жаҳон чемпиони бўлган Болгарияни 2,5:1,5 ҳисобида енгди. Бешинчи турда таркибида уч нафар гроссмейстери бор, Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасининг амалдаги вице-чемпиони Грузияга 1,5:2,5 ҳисобида имкониятни бой берган шахматчи қизларимиз кеча Нидерландия билан 2:2 кўринишида дурангга эришди.
Эртага, 18 сентябрь куни шахматчи қизларимиз Греция терма жамоаси билан куч синашади. Олимпия ўйинлари ватани вакиллари бугунгача 4 ғалаба, 1 дуранг ва 1 мағлубиятга эга. Улар 1-турда Малтани 3,5:0,5, 2-турда Португалияни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Учинчи турда Польша билан муросага келди – 2:2. 4-турда Грузияга 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Кейин эса Мексика ва Колумбия терма жамоаларини бир хил 3:1 ҳисобида доғда қолдирди. Шахмат башоратларни хўш кўрмайди. Лекин, ўтган тур ўйинларида эркаклар жамоалари орасида Вьетнамнинг ўзига хос бўлмаган натижаларга эришаётгани «ақл жангчилари» орасида янги номларни, янгича қудратга эга жамоаларни кўз-кўз этмоқда.
Аёллар ўртасидаги баҳсларда эса шахматчи қизларимизнинг Венгрия ва Болгария вакилларини мағлуб этиши барчинойларимизда ўзларига бўлган ишонч ортаётганини, ғалаба иродаси мустаҳкамланаётганини кўрсатдики, бу, янги муваффақиятлар юз очишидан нишонадир.
Эслатиб ўтамиз, 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг сўнгги тур ўйинлари 22 сентябрда бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА