English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шариф вилоятнинг шарафи
16:27 / 2024-06-01

Президентимизнинг ҳудудларга ташрифлари янги лойиҳалар ва истиқболдаги марраларга қанот бахшида этади, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Шуниси эътиборлики, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир вилоят аҳолисининг ҳаёт тарзи, эъзозлаган қадриятларига асосий эътиборни қаратиши  қалбларимизни тўлқинлантиради.

Юртбошимиз Бухоро вилоятидаги илк ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилиш ва бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишишдан бошлагани фикримизнинг далилидир.

Дунёдаги саноқли шариф шаҳарлардан бири бўлган Бухоро ислом оламидаги таниқли етти пирларнинг муборак маскани сифатида машҳурдир. Шу боисдан ҳам Нақшбанд мақбарасининг замонга мос, жаҳонга янада гўзалроқ намоён бўлаётгани, Тоқи миёна дарвозасининг икки ёни боғга айлантирилиб, йўқолиб бораётган Дониёлбий мадрасаси тикланаётгани биз учун қувонарли.

–  Тоқи миёна дарвозасидан борувчи тарихий йўлак тикланди. - Юз йил вайрон бўлиб ётган бу дарвозани тиклаганимиз - ўзликни англаш, тарихга ҳурматимиз ифодаси, - деди давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев.

Энди зиёратчилар Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасига суннатга мувофиқ қибла тарафдан юриб кириб боришларига эътибор қаратилгани ҳам аҳолиси 95 фоиздан ортиқ мусулмонларни ташкил этувчи Ўзбекистон халқининг эътиқодига ниҳоятда катта ҳурматнинг амалий намунасидир.

Давлатимиз раҳбари ташриф буюрган Қоракўл эркин иқтисодий зонасида ташкил этилган 58 миллион долларлик лойиҳа сифатида ҳаётга татбиқ этилган ва бугун 4 минг нафар ҳамюртимизни доимий иш билан таъминлаган  "Enter Steel Karakul" МЧЖнинг фаолияти ҳам фақатгина шу вилоят учун эмас, мамлакатимиз учун ҳам манфаатли.

Президентимиз Бухоро вилоятида энергетика ва транспорт соҳаларида янги лойиҳалар қурилишига бағишланган халқаро ҳамкорлар иштирокидаги маросимда кейинги йилларда аҳолининг электр энергиясига бўлган талаб ва эҳтиёжларни қондириш борасида  жуда кўплаб янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётганини, бу жадал ўсиб бораётган иқтисодиётимиз учун ниҳоят кераклигини алоҳида таъкидлади.

Аслида бу жараён бутун республикамизнинг барча худудларида бирдек олиб борилмоқдаки, бу аҳолимизнинг электр энергияси, транспортга бўлган талабини тўла қондириш учун замин яратмоқда.

Маросим давомида давлатимиз раҳбари бир қатор лоийҳаларга, шунингдек, “Нур-Бухоро” қуёш фотоэлектр станциясининг қурилишига старт берди. Унинг  ишга тушиши вилоят тараққиётида, аҳоли ҳаётининг фаровонлигида ўзига хос аҳамият касб этиши аниқ.

Ташриф давомида Юртбошимизга “Бухоро” халқаро аэропорти концепцияси ҳам тақдим этилди. Янги аэропортнинг ўтказувчанлик қуввати соатига 1 минг 200 йўловчини ташкил этиши, демакки,   туризим ривожланган, хорижий сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган Бухоро учун айни муддаодир.

Бухорода жорий йил 1 миллиард 300 миллион долларлик 607 та лойиҳа амалга оширилиши эса вилоятнинг имкониятлари янада ошиб, аҳолига яратиладиган шароитлар, иш билан таъминланиш даражаси ижобий натижалар бериши шубҳасиз. Қолаверса, жаҳонга бўйлаган мамкалатимизда биргина Бухоро мисолида хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 14 миллиард долларлик 80 та лойиҳа шакллантирилганлиги, лойиҳаларга Хитой, Россия, Туркия, Германия, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Малайзия, Жанубий Корея каби мамлакатлар компанияларнинг жалб этилганлиги, бу лойиҳалар орқали қурилиш материаллари, электр техникаси, кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика, тиббиёт, кончилик, балиқчилик ва бошқа тармоқларни қамраб олганлигининг замирида битта асосий мақсад –ХАЛҚ фаровонлиги  бор.

Мухтасар айтганда, уларнинг ҳаётга  тўла татбиқ этилиши билан халқнинг розилиги, шукронаси ошади. Ижтимоий-маънавий муҳит янада барқарорлашади. Пировардида эса Бухорои шарифнинг шарафи янада кўтарилишига ишонамиз.

Абдулҳамид Нурматов,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Андижон вилояти бўлими раҳбари