English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шаҳрисабз осмони узра ҳаво шарлари учирилди
18:21 / 2024-10-14

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой майдони хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар билан гавжум. Боиси, бу ерда дунё бўйлаб юздан зиёд мамлакатда ҳаво шарида осмонга парвоз қилган биринчи аёл аэронавт Элли Данингтон бошчилигидаги Халқаро аэронавтика федерацияси делегацияси меҳмон бўлиши шарафига “Мусаффо осмон” шиори остида “I Халқаро ҳаво шарлари фиэстаси” бўлиб ўтди.

Эрта тонгдан Оқсарой майдонида 10 та ҳаво шари Шаҳрисабз шаҳри осмони узра парвоз қилди. 

Фестивалда Германия, Россия, Бразилия, Қозоғистон каби ўнлаб давлатдан хорижлик сайёҳлар ва минглаб маҳаллий меҳмонлар иштирок этди. 
Ҳаво шарларини дунё бўйлаб оммалаштириш мақсадида ташкил этилган фестивалда Шаҳрисабз марказидан ҳавога кўтарилган ҳаво шарлари тахминан бир соат давомида парвоз қилиб, Шаҳрисабз, Китоб ва Яккабоғ туманларидаги кенг майдонларга қўнди. 

[gallery-19737]

– Мен бу фестивалга Буюк Британиядан келдим, – дейди Элли Данингтон. – Бу гал ҳаво шарларидаги энг муҳим 118-парвозимни амалга оширдим. Ҳозирга қадар 117 та давлатдаги худди шу каби фестивал ва мусобақаларда ҳаво шарларида кўтарилганман. Биласизми, юртингиздаги бу парвоз мен учун жуда кўтаринки бўлди. Айниқса, Шаҳрисабз шаҳрининг юқоридан кўриниши жуда ажойиб экан. Оқсарой ва унинг атрофидаги манзара ҳайратда қолдиради кишини. Биз қўнган манзилда эса кўплаб одамлар гуллар билан кутиб олди, фотосуратларга тушдик. Айтмоқчиманки, мамлакатингиздаги бу саёҳатим ва парвозим ҳаётимдаги эсда қоладиган ёрқин хотираларга бой бўлди. 

Шунингдек, тадбир доирасида ташкил этилган “Халқаро анор фестивали” ҳам хорижлик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. 

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири