English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат раиси: 2048 йилга бориб Ўзбекистон меҳнат бозори 27,6 миллион кишини ташкил этади
19:17 / 2023-11-28

Бу тобора сони ўсиб бораётган аҳоли учун давлат томонидан иқтисодий, ижтимоий ҳимоя кафолатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни жадаллик билан, олдиндан ўйлаб, прогноз қилиб ишлашни вазифа қилиб қўймоқда.

Тошкент шаҳрида “Демографик ўзгаришлар шароитида жамиятни барқарор ривожлантириш: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.

Олий Мажлис Сенати томонидан БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ваколатхонаси, “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда қарийб 20 давлатдан 40 дан ортиқ парламент ва ҳукумат вакиллари иштирок этди.

Улар орасида UNFPA раҳбарлари, UNICEF жамғармаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Аҳолишунослик ва тараққиёт бўйича парламент аъзоларининг Осиё форуми каби халқаро ташкилотлар, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки вакиллари бор.

Сенати раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон БМТнинг барча агентликлари билан ҳамкорликни яхши йўлга қўйганини таъкидлади.  

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош ассамблеяси мажлисларида доимий равишда фаол иштирок этаётир, Ўзбекистон ташаббуси билан БМТнинг олтита резолюцияси қабул қилинди. Умуман, БМТ томонидан қабул қилинган конвенциялар ва бошқа ҳужжатлар бизга давлат стратегияларини, давлат дастурлари ишлаб чиқишда, қолаверса, қонунларни ишлаб чиқишда муҳим асос бўлмоқда. Ўзбекистон аҳолиси тез ўсиб бораётган мамлакат ҳисобланади.  

Шунинг учун статистик маълумотлар асосида иш олиб бориш жуда муҳим. Бу борада, шунингдек, тиббиёт, гендер тенгликни таъминлаш бўйича ҳам БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси билан фаол ҳамкорлик қилаётганимиз ўз самарасини бермоқда. Айнан шу масалалар Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилгани буни кўрсатиб турибди.

– Ўзбекистон дунё мамлакатлари ичида аҳоли сони бўйича қирқинчи, Марказий Осиёда эса биринчи ўринда туради, - деди Т.Норбоева. – БМТ томонидан дунё аҳолишунослиги истиқболлари мавзусида ўтказган тадқиқотда 2048 йилга бориб Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисмини меҳнатга лаёқатлилар ташкил этиши қайд этилган. Яъни, ўша вақтда меҳнат бозори 27,6 миллион кишини ташкил этади. Бу тобора сони ўсиб бораётган аҳоли учун давлат томонидан  иқтисодий, ижтимоий ҳимоя кафолатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни жадаллик билан, олдиндан ўйлаб, прогноз қилиб ишлашни вазифа қилиб қўймоқда. Шу сабабли, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида инсон қадри деган тамойил асосида амалга оширилаётган мақсадли чора-тадбирларни янада чуқурлаштириш зарур.

БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси ижрочи директори Наталия Канем видеомурожаатида кўрилаётган масалалар, улардан келиб чиқадиган хулосалар Ўзбекистонда амалга оширилаётган демографик барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилишини айтиб ўтди.

Анжуман “Демографик барқарорлик ва барқарор ривожланиш: чақириқлар ва имкониятлар”, “Демографик барқарорлик ва инсон капитали: ўзгаришларга мослашиш ва имкониятлардан фойдаланиш” ҳамда “Ўзбекистонда соғлом ва узоқ умр кўриш ўн йиллиги” мавзуларидаги учта сессия доирасида ташкил этилди.

Сессияларда демографик барқарор ривожланиш учун иқтисодий имкониятлар яратишга эътибор қаратилди.  

Хусусан, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, меҳнат соҳасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш бўйича энг яхши амалиётлар муҳокама қилинди.

Демографик ўзгаришлар шароитида инсон капиталини ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, таълим, соғлиқни сақлаш соҳасида ислоҳотларни изчил давом эттириш каби масалалар иштирокчилар эътиборида бўлди.

Конференцияда муваффақиятли стратегиялар ва ечимлар, инклюзив ва далилларга асосланган самарали ечимлар ишлаб чиқиш бўйича тажриба алмашилмоқда.

Норгул Абдураимова, ЎзА