
Навоий шаҳридаги Президент мактабида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ташаббуси билан “Замонавий мактаб лидерлар нигоҳида” лойиҳаси доирасида семинар-тренинг ташкил этилди. Унда Навоий шаҳри ва Кармана туманидаги мактаблар директорлари иштирок этди.
– Мазкур семинар умумтаълим мактаблари директорлари учун узоқ муддатли стратегия ва устувор вазифаларни белгилаш, жамоада соғлом муҳит яратиш, самарали таълим тамойиллари ҳамда лидерлик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – дейди Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги Навоий вилояти ҳудудий бўлими услубчиси Одил Норов. – Тренинг доирасида таълимни ривожлантириш йўлидаги устувор мақсад ва янгича ёндашувлар билан таништириш, мактабни ривожлантириш стратегиясини (истиқбол режа) шакллантиришда таълим тизимининг мақсад ва қадриятларини асос қилиб олишни тушуниб етиш ва бунда мактаб жамоасини жалб этиш заруриятини англаш кўзда тутилган.
[gallery-10481]
Семинар-тренинглар ҳудудларга бўлинган ҳолда жорий йилнинг 10 февралига қадар вилоятдаги барча умумтаълим мактаблари директорлари иштирокида ўтказилади.
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА