English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сазағонда яна бир қўшма корхона очилди
12:07 / 2023-11-20

Нуробод туманидаги “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг Сазағон массивида “Шелково агрохим Ўзбекистон” қўшма корхонасининг Ўсимликларни ҳимоя қилиш кимёвий воситалари ишлаб чиқарувчи заводи ишга тушди.

Корхонанинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Россиядаги “Шелково агрохим” корхонаси бош директори Салис Каракотов иштирок этиб, мазкур завод мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган кимёвий воситалар ишлаб чиқаришда муҳим аҳамиятга эга бўлишини таъкидлади.

– Бугунги кунда дунёдаги иқлим ўзгаришлари, атроф-муҳитнинг зарарли газлар ҳисобига бузилиб бораётгани озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, сифатли ва экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кун тартибидаги асосий масалалардан бирига айлантирди, – дейди “Шелково агрохим” корхонаси бош директори Салис Каракотов. – Бундай шароитда қишлоқ хўжалигига илм-фан ва замонавий технологияларни уйғун ҳолда жорий этиш тақозо этилади. Мазкур корхона ҳам ер унумдорлиги ва ҳосилдорлигини ошириш орқали сифатли ва мўл ҳосил етиштиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил қилинди. Бу ерда тайёрланадиган воситалар илм ва инновацияга асосланган ҳолда ишлаб чиқарилади.  

Умумий қиймати 30 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур лойиҳа асосида 5 гектар майдонда ишлаб чиқариш заводи қурилди. Учта асосий ва битта ёрдамчи цехда 50 турдаги кимёвий воситалар ишлаб чиқарилади. Цехлар Европа давлатларида ишлаб чиқарилган сўнгги авлод технологиялари билан жиҳозланган бўлиб, асосий юмушлар авоматлаштирилган техникалар ёрдамида бажарилади.

– Қўл меҳнатидан кам фойдаланилгани боис, 15-20 киши билан кунига 40-45 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин, – дейди корхона бош технологи Шерзод Абдуаҳадов. – Мазкур завод очилиши билан Нуробод, Самарқанд туманларидан 100 нафарга яқин киши доимий иш билан таъминланди. Ўсимликларни турли зараркунандалардан ҳимоя қилувчи ва ҳосилдорликни оширувчи маҳсулотларимизнинг асосий қисми экспортга йўналтирилади.  

Корхонада нанотехнологиялар асосида замонавий лаборатория ҳам ташкил килиниб, зарур жиҳозлар ва реактивлар билан таъминланган. Келгусида завод ҳудудида қўшимча цехлар қуриш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулот тури ва ҳажмини ошириш кўзда тутилган.

Маълумотларга кўра, айни пайтда “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг Сазағон массивида қиймати қарийб 80 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 14 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шу пайтгача 52,4 миллион долларлик 10 та лойиҳа ишга туширилиб, 500 та янги иш ўрни яратилди. Эътиборлиси, мазкур корхоналар томонидан жорий йилнинг 10 ойи давомида 151 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 6 миллион долларлик экспорт амалга оширилди. Эркин иқтисодий зона учун Сазағон массивидан 360 гектар ер майдони ажратилган.

 

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),  

ЎзА мухбирлари