
Бухородаги Ёшлар марказида II Республика сардорлар форумининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Форумда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан сараланган 10 нафардан (синф, мактаб, маҳаллий ва ҳудудий) сардорлар қатнашди.
Форумнинг очилиш маросимидан сўнг “Камалак” сардорлари ўртасида “Мунозара” турнири, Республика “Иттифоқ” Сардорлар сайлови бўлиб ўтди.
Сардорлар учун маҳоратли спикерлар томонидан ўқув-семинарлар ташкил этилди. Ўқув-семинарда Давлат бошқарув академияси тренери Марҳабо Сафарова томонидан форум иштирокчилари учун лидерлик қобилияти, жамоани бошқариш, сардорлик имижи, тайм-менежмент мавзулари бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди.
[gallery-9635]
“Эколог” ННТ раҳбари, филология фанлари доктори Наргис Қосимова томонидан “Ёшларда экологик маданиятни ривожлантириш ва юртимизда долзарб муаммолар” мавзусида маҳорат дарслари ўтказилди.
– Маҳорат дарсларида экологик маданиятни ривожлантириш бўйича аниқ муаммолар кўтарилди, – дейди Наманган вилояти “Иттифоқ” сардори Бегойим Ворисова. – Экологик маданиятни шакллантиришда ёшларнинг билим ва кўникмаларини ошириш борасида қилинадиган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Шунингдек, “Камалак” болалар ташкилотининг II Республика Сардорлар Форуми доирасида “Эко патрул” лойиҳаси ўтказилди. Унда қушлар учун инлар ясалди. Кўҳна ва боқий Бухоро мажмуасидаги дарахтларга илинди. “Тоза ҳудуд” лойиҳаси доирасида ҳудудда манзарали дарахтлар экилиб, атроф-муҳит ободонлаштирилди.
– Бундай хайрли иш барча сардорларга завқ бағишлади, – дейди Республика “Иттифоқ” сардори Рухсора Шакирова. – Уларни она табиатни янада севиб авайлашга ундайди.
Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Шохруз Қудратов қатнашди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА